Мен яқинда бир нашрда “нолойиқ меросхўрлар” деган :тушунчани ўқиб қолдим, қонунчиликга мувофиқ нолойиқ меросхўрлар кимлар ҳисобланади?

К.СултановЭлликқалъа тумани

Жавоб: Мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият буйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.

Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишга қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Савол:Ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ота-оналар болаларидан қолган меросдан четлатилиши мумкинми?

Н.Нажиматдинов, Беруний тумани

Жавоб: Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунунгдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Савол: Нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш қандай тартибда амалга оширилади?

 К.Утамбетов, Элликқалъа тумани

Жавоб: Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлашиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.

Ушбу қоидалар васият мажбуриятига нисбатан ҳам қўлланилади.

Ушбу қоидалар ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.

Савол: Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган сабаблар қандай?

М.Алланазаров, Нукус шаҳри

Жавоб: Фуқоролик кодексининг 1119-моддасига мувофиқ, мерос қолдирувчи ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган, мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга нисбатан чиқарилган суднинг ҳукми ёхуд шахсларнинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори мавжудлиги васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка даъво қилишда даъво аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўла олмайди ва суд мажлисида даъвони мазмунан кўришга тўсқинлик қилолмайди. Қайсики, нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар, фақат, суд томонидан белгиланади.

Ворис томонидан тақдим қилинган васиятнома ҳақиқий эмас, деб топилганда, у васиятнома бўйича меросхўр бўла олмайди, бироқ, Фуқаролик кодексининг 1130-моддаси 4‑қисмига мувофиқ мерос қолдирувчининг охирги хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, бу шахс, умумий асосларда қонун бўйича мерос олиш ҳуқуқларидан маҳрум этилмайди.

Савол: Акам отамнинг касаллигидан фойдаланиб ўз номига ҳамма мол-мулкларига отамдан васиятнома ёздириб олган. Аммо васиятнома тасдиқланмаган. Ушбу васиятнома билан акам отамдан қолган барча мол-мулкларга эгалик қилиши мумкинми?

А.ЮсуповЭлликкала тумани

Жавоб:Фуқаролик кодексининг 1119-моддаси 2-бандига мувофиқ, мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Фуқаролик кодексининг 1124-моддасига мувофиқ, қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:

нотариал тасдиқланган васиятномалар;

нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.

Саволларга Элликқалъа туман ДНИ нотариуси М.Елмуратов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш