Биз оиламизга вояга етмаган болани тарбиямизга олмоқчи эдик, бунинг учун кимга мурожаат қиламиз?

Е.Батыров, Нукус шаҳри 

Жавоб: Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, шу жумладан тарбия ва даволаш муассасаларида, шунингдек аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар оилага тарбияга берилади. Болаларни оилага тарбияга олишни истаган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишилган ҳолда болаларни олдиндан танлаб олади. Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.

Савол: Болани оила тарбиясига олишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Хужайли тумани, Б.Каландарова

Жавоб: Болани (болаларни) фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар ўз яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига тутинган ота-оналар сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги илтимос билдирилган аризани берадилар.

Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);

оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;

иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;

иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;

фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида тиббий- маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари;

санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқидаги, ижара (ижарага олиш) шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.

Савол: Оила тарбиясига олинган болалар қандай ҳуқуқларга эга бўлади.

Қўнғирот тумани, К.Абдирахманов

Жавоб: Оилага тарбияга берилган болалар:

ўзларига тегишли бўлган алимент, шунингдек пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни олиш;

уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи ёки уй-жойлардан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ уй-жой олиш ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.

Оилага тарбияга берилган болалар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ота-онаси ва қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Боланинг манфаатига дахлдор ҳар қандай масала оилада ҳал қилинаётганида бола ўз фикрини билдиришга ҳақли.

Фарзандликка оладиган оилага тарбиялаш (патронат) учун берилган болаларга қонун ҳужжатларида ота-оналар қаровисиз қолган болалар учун назарда тутилган барча имтиёзлар татбиқ этилади

Савол: Оила тарбиясига олинган болалар моддий таъминоти қандай бўлади?

И.ДавлетназаровҚонликўл тумани

Жавоб: Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбиялаш учун берилган болаларни ҳар йили бир марта кийим-бош ва пойабзал билан таъминлайдилар.

Васийлик ва ҳомийлик органлари болани оилага тарбияга олган тутинган ота-онага қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳар ойда нафақа тўлаб туради. Тутинган ота-онага ҳомийлар, ташкилотлар, идоралар, айрим шахслар томонидан болаларни тарбиялаш мақсадида турли моддий ва маънавий ёрдам берилиши ҳам мумкин.

Савол: Кимлар оила тарбиясига болаларни олиш ҳуқуқидан махрум?

К.Утегенова Мўйноқ тумани,

Жавоб: Вояга етган ҳар икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин, қуйидагилар бундан мустасно:

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахслар;

суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган деб эътироф этилган шахслар;

қонун билан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни лозим даражада бажармагани учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки уларни лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганликлари, шунингдек муттасил ичкиликбозликка ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганликлари учун фарзандликка олиш суд томонидан бекор қилинган бўлса, илгари фарзандликка бола олган шахслар;

қасддан қилинган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар;

соғлиғининг ёмонлиги туфайли бола тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар.

Саволларга Шўманай тумани ФҲДЁ бўлими  мудираси Б.Ташимова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш