Менга бир ярим йил аввал берилган ишончноманинг берилган вақти кўрсатилган бўлиб, амал этиш муддати кўрсатилмаган эди.

Савол:  Банкга борсам ишончнома ўз кучини йўқотган деб топишди. Шу тўғрими?

А.БердикиличевТўрткўл тумани

Жавоб: Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.

Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.

Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.

Савол: Менга кредит олишим учун бирга ишлайдиган ходим кафил бўлган эди. Кафил мендан хизматлари учун ҳақ талаб қилмоқда. Бундай қилишга унинг ҳуқуқи борми?

К.ХолмуродовТўрткўл тумани

Жавоб: Агар сиз тузган шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил қарздорга кўрсатган хизматлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Савол:Менинг фирмамга бошқа фирмадан қарзга товар олдим лекин, иккаламизнинг ўртамиздаги шартнома оғзаки тузилди. Бу қонунийми?

Е.МаткаримовАмударё тумани

Жавоб: Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар ёзма шаклда тузилиши шарт.

Савол: Банкнинг айби билан мен ўз зиммамдаги мажбуриятни бажара олмай қолдим. Банк мендан ўзининг мажбурият бўйича бажарганларини талаб қилмоқда. Шу тўғрими?

Ф.ХудайбердиеваЭлликқалъа тумани

Жавоб: Агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади.

Башарти, қарздор мажбуриятни кредиторнинг айбли ҳаракатлари туфайли бажариши мумкин бўлмаса, кредитор ўзининг мажбурият бўйича бажарганларини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслиги белгиланган.

Саволларга Анвар Атажанов Тўрткўл тумани 1-сон ДНИ нотариуси жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш