Мен Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасида ишлайман, менинг икки ёшга тўлмаган болам бор, менга боламани овқатлантириш учун қўшимча танаффус бериладими?

К.СейтмамбетоваНукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 228-моддасига кўра, икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади.

Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.

Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин.

Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади.

Савол: Мен яқинда мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кирмоқчи эдим, лекин мактаб директори хомиладорлигим сабабли ишга қабул қилишни рад этди, мактаб директорининг ҳаракатлари қонунийми?

Н.БекбергеноваХўжайли тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 78-моддасига мувофиқ, хомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни, уларнинг хомиладорлигини ёки ёш боласи борлигини важ қилиб ишга қабул қилмаслик, ишга қабул қилишни ғайриқонуний рад этиш деб баҳоланади. Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этган тақдирда ходимнинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт, бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим. Ушбу ёзма жавоб асосида, фуқаро мазкур масала хусусида судга мурожаат қилишга хақли. Башарти, судда иш кўриш давомида иш берувчи аёл хомиладорлиги ёки уч ёшга тўлмаган боласи борлиги туфайли ишга қабул қилишдан бош тортганлиги маълум бўлса, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишда айбдор бўлган шахс жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёш болали аёлларни ишга жойлашиш ҳуқуқларини қўшимча кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 84-моддасида хомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар дастлабки синов ёки бошқа қандайдир шартларсиз ишга қабул қилишлари шартлиги ҳақида қоида назарда тутилган.

Савол: Меннинг қарамоғимда икки ёшли фарзандим бор, иш берувчи менинг билан тузилган меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилмоқчи, шу асослими?

О.Мамбеткаримова, Чимбой тумани

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасига асосан, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Ғайрат Тлеумуратов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш