Отамнинг номидаги машинани сотмоқчимиз. У оғир хаста, қўллари ишламайди. Отам олди-сотди шартномасини имзолай олмаса, қандай расмийлаштириш мумкин?

Х.Карабаев, Нукус тумани

Жавоб: «Нотариат тўғрисида» ги Қонуннинг 34-моддаси ҳамда «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 14-бандига мувофиқ, агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошка ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошка хужжатни унинг топшириғига асосан унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин. Бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмагани сабаблари ёзиб қўйилади.

Савол: Нотариуслар ўз хизмат вазифаларини нотариал идорадан ташқарида ҳам бажариши мумкинми?

Р.Реимбаев, Хўжайли тумани

Жавоб: «Нотариат тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддаси ҳамда «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 9-бандига мувофиқ нотариал харакатлар давлат нотариал идораларининг биноларида бажарилади. Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра давлат нотариал идорасига бора олмайдиган айрим ҳолларда ёки юридик шахс томонидан таклиф қилинганда, нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораси биносидан ташқарида, яъни мазкур фуқаро, юридик шахс ёки унинг вакили жойлашган жойда амалга оширилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораси биносидан ташқарида бажарилса, хужжатнинг тасдикловчи ёзувида ва нотариал харакатларни рўйхатга олиш реестрида нотариал ҳаракат амалга оширилган жойнинг манзили кўрсатилади.

Саволларга Нукус шаҳри 2-сон ДНИ катта нотариуси Т. Бекмуратова жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш