Менинг биринчи турмушимдан иккита фарзандим бор

Савол: Уларга алимент тўлайман. Ҳозирда иккинчи аёлим билан яшайман. Иккинчи аёлим билан ўртамизда вояга етмаган битта фарзандимиз бор. Ҳозирда иккинчи гуруҳ ногиронлигим сабабли алимент тўлашга қийналаяпман. Алимент миқдорини камайтириш имкони борми?

Ш.Ерполатов Қонликўл тумани,

Жавоб: 

Амалдаги қонунчиликка кўра алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ўндирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таьминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота(она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб қолаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.


Савол: Мен эрим билан ажрашганман. Ўртамизда иккита фарзандимиз бор. Болаларим менинг тарбиямда. Эрим болалар сенда қолган деб алимент тўлашдан бош тортяпди. Алимент тўлашдан бош тортганлик учун қандай жазолар белгиланган?

Б.Камалова, Шимбой тумани

Жавоб: 

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 116 моддасига биноан вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга мухтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан буйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шунингдек, ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.


Савол: Ўғлимбилан келиним никоҳдан ўтиш учун ФҲДЁ бўлимига борган ва ариза ёзган, ФҲДЁ бўлими ходими томонидан уларга бир ой муддат берилган. Агар ёшлар бир-бири билан турмуш қуришни хохласа бир ой муддат нима учун керак?

К.ЖаксылыковаҚўнғирот тумани

Жавоб: 

Оила кодексида никоҳ тузувчилар ариза берганларидан сўнг бир ой муддат ўтгач никоҳ тузилиши белгиланган. Бундай муддатни белгилашдан мақсад никоҳдан ўтувчиларнинг бир-бирлари билан яхши танишиб олишлари учун имконият яратиш, шунингдек, енгилтаклик қилиб, шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишларига йўл қўймасликдан иборат. Бир ойлик муддат ичида никоҳга кирувчилар никоҳ тузишга бўлган ўз ҳоҳишларини яна текшириш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, никоҳни қайд этишга монелик қиладиган ҳолатлар ҳам аниқланиши мумкун. (ЎзР Оила кодекси 13-модда)


Савол: Бизлар яқинда турмуш қурмоқчимиз. Никоҳдан ўтиш учун ариза бермоқчимиз, ФҲДЁ бўлимига қандай хужжатларни олиб боришимиз керак?

Е.Баймуратов, Хўжайли тумани

Жавоб: 

Никоҳга киришни хохловчилар ариза бериш чоғида ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, илгари никоҳда бўлган шахслар эса, аввалги никоҳ тугатилганлиги ҳақидаги ҳужжатларни ҳам тақдим этиши лозим.

Никоҳга кирувчилар никоҳ ҳақида далолатнома ёзувини тузиш учун зарур бўлган: фамилия, исми, отасининг исми, туғилган вақти, миллати, оилавий аҳволи, нечанчи никоҳи, умумий фарзандлари бор ёки йўқлиги, никоҳ тузгандан сўнг қайси фамилияни умумий фамилия сифатида танлашлари, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолларнинг йўқлиги каби маълумотларни тақдим этиб, белгиланган шаклда биргаликдаги ариза топширилади.

Саволларга Қонликўл тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Перхан Авезова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш