Савол:Mенинг ҳужжатларим неча кун ичида кўриб чиқилиб, жавоб берилиши керак?
И.Сайманов, Қўнғирот тумани
Жавоб:
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 45-моддасига асосан пенсия тайинлаш рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими тегишли қарор чиқарилганидан кейин беш кун ичида корхона, ташкилот ёки аризачига пенсия тайинлаш рад этилгани ҳақида рад этиш сабаблари ва шикоят бериш тартиби кўрсатилган хабарномани беради ёки жўнатади ҳамда айни чоғда барча ҳужжатларни қайтаради.
Савол: Ҳозирги кунда мен умумтаълим мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман, агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганда ишлаб ҳамда пенсия олсам пенсиям қаердан тўланади?
М.Юсупов, Нукус шаҳри
Жавоб:
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 53-моддасига асосан ишлаб турган пенсионерларга пенсиялар уларнинг иш жойида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.
Савол: Агар пенсия ҳисоблаб чиқарилиб айрим сабабларга кўра олинмай қолган пенсиянинг бир қисми ўтган давр учун тўланадими?
К.Мамбетназарова, Чимбой тумани
Жавоб:
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 59-моддасига асосан пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги уч йилдан ошмаган давр учун тўланади. Пенсияни тайинловчи ёки тўловчи органнинг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.
Савол: Стационар даволанишда бўлган давр учун пенсия тўланадими?
Е.Жаббаров, Амударё тумани
Жавоб:
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 61-моддасига асосан пенсионернинг стационар даволанишда бўлган даври учун пенсия тўлиқ тўланади.
Савол: Озодликдан маҳрум бўлган шахсларга пенсия тўланадими?
К.Камалов, Хўжайли тумани
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 62-моддасига асосан пенсионер озодликдан маҳрум қилинган тақдирда тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган давр учун тўхтатиб қўйилади.
Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси Женис Досимбетов жавоб берди.