Нотариус қандай фактларни тасдиқлайди?


Савол: Фуқаронинг ва вояга етмаган шахснинг тирик эканлигини тасдиқлаш қандай тартибда амалга оширилади?

Е.БекмановНукус шаҳри

Жавоб: Нотариус фуқаронинг тирик эканлиги фактини унинг шахсий илтимосига кўра ва унинг иштирокида тасдиқлайди. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади.

Вояга етмаган шахснинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган ташкилотнинг ёзма илтимосига кўра амалга оширилади. Нотариус мурожаат қилган шахсга фуқаронинг тирик эканлиги ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома беради.

Савол: Фуқаронинг муайян жойда эканлигини тасдиқлаш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

К.НажимовХўжайли тумани

Жавоб: Нотариус фуқаронинг илтимосига кўра унинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси ва шахсини тасдикловчи хужжат фукаролик паспорти талаб килинади. Вояга етмаган шахснинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек васийлик ва ҳомийлик органларининг илтимосига кўра амалга оширилади.Нотариус мурожаат қилган шахсларга фуқаронинг муайян жойда эканлик ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома беради.

Савол: Фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлаш қандай тартибда амалга оширилади?

Е.ЕмбергеновҚўнғирот тумани

Жавоб: Нотариус фуқаро тақдим этган фотосуратдаги шахс шу фуқаронинг айнан ўзи эканлигини тасдиқлайди ва унинг тасдиғи сифатида гувоҳнома беради. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади. Фотосурат гувоҳноманинг берилаётган нусхасининг юқори чап бурчагига қўйилиб, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади. Бунда муҳр қисман фотосурат устига, қисман эса гувоҳнома устига қўйилиши керак.

Савол: Нотариусга ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлаш қандай тартибда амалга оширилади?

Б.ҚадировЧимбой тумани

Жавоб: Нотариус ўзига ҳужжат тақдим этилган вақтни тасдиқлайди. Нотариус ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлашда ҳужжат тақдим этган жисмоний шахснинг шахсини ёки ваколатини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини ва вакилининг ваколатини аниқлайди. Бу нотариал ҳаракат манфаатдор шахснинг ёзма аризасига асосан амалга оширилади.

Нотариусга ҳужжат камида икки нусхада тақдим этилади. Ҳужжат бир варақдан ортиқ бўлса, варақлари рақамланиб, ип ўтказиб тикилади. Тасдиқловчи ёзув ҳужжатнинг тақдим этилган иккала нусхасига ҳам ёзилади, улардан бири нотариал идорада қолдирилади. Ҳужжатнинг иккинчи нусхаси йўқ бўлса, нотариус ҳужжатдан нусха олиб, уни нотариал идоранинг йиғмажилдларига тикиб қўяди ҳамда унга ҳам тасдиқловчи ёзув киритади.

Бир шахс томонидан айни бир вақтда бир неча ҳужжат тақдим этилса, уларнинг ҳар бирига тасдиқловчи ёзув ёзилади ва тақдим этилган ҳар бир ҳужжат учун давлат божи олинади.

Саволларга Нукус шаҳар 2-сон давлат нотариал идораси нотаруси Жасур Эрбоев жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш