Нодавлат нотижорат ташкилотининг Давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ёхуд таъсис ҳужжатлари йўқолганда ёки улар яроқсиз ҳолга келганда, рўйхатдан ўтказувчи органга дубликат олиш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилиши керак?

А.Сапарниязов, Нукус шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон Қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 35-бандида, «топилмалар столи»дан маълумотнома (давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ёхуд таъсис ҳужжатлари йўқолганда) , давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг ёхуд таъсис ҳужжатларининг асл нусхаси (давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ёки таъсис ҳужжатлари яроқсиз ҳолга келганда), давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида даврий матбуот нашрида берилган эълон (давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома йўқолганда), гувоҳнома дубликати берилганлиги учун белгиланган миқдорда тўлов тўланганлиги тўғрисида банкнинг тўлов ҳужжати (давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома йўқолганда ёхуд яроқсиз ҳолга келганда) тақдим этилиши белгиланган.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома дубликатини олиш учун қанча миқдорда давлат божи ундирилади?

Д.Сейтова, Нукус тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 10-бандида, ННТнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома дубликатини олиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади, дейилган.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш қандай ҳолларда рад этилиши мумкин?

М.Сарсенбаев, Амударё туман

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон Қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 24-бандига кўра нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда, яъни:

ННТнинг таъсис ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, мустақиллиги, яхлитлиги ва хавфсизлигини бузиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этиш, фуқароларнинг соғлиғи 
ва ахлоқига қасд қилиш мақсадига эга бўлганда;

ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати тақдим этилмаганда ёки улар зарур тартибда расмийлаштирилмаганда;

ҳужжатлар устав қабул қилинган вақтдан бошлаб икки ой муддат (жамоат бирлашмаси учун — бир ой муддат) ўтгандан кейин тақдим этилганда;

ННТ айнан шу ном билан илгари рўйхатдан ўтказилган бўлса;

ННТни ташкил этишнинг қонунда белгиланган тартиби бузилганда ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга номувофиқ бўлганда;

рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган таъсис ҳужжатларида атайин нотўғри маълумот келтирилганлиги аниқланган бўлса;

ННТнинг номи ёки рамзи фуқароларнинг ахлоқига, миллий ва диний туйғуларига дахл қилса;

ННТнинг таъсис ҳужжатлари ҳарбийлаштирилган бирлашмалар тузишни назарда тутганда рад этилиши мумкинлиги белгиланган.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиблари қайси қонун ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган?

Қ.Наурызбаев, Хўжайли туман

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонуни, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 январдаги 5-сон қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низомда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларини ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати қанча?

А.Аяпбергенов, Тахтакўпир туман

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 январдаги 5-сон қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 43-бандида, ННТни ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилинган кундан бошлаб етти ойдан ошмаслиги керак, дейилган.

Саволларга Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний  ташкилотлар бўлими масъул ходимлари Т.Қалиллаев ва У.Жақсимуратовлар жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш