Штатлар қисқарганда ишда қолдиришнинг имтиёзли ҳуқуқлари тўғрисида тушунтириш беринг?

Савол: Штатлар қисқарганда ишда қолдиришнинг имтиёзли ҳуқуқлари тўғрисида тушунтириш беринг?

А.Толибеков, Нукус шаҳри

Жавоб. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 103-моддасига мувофиқ, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади.

Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:

1) қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;

2) оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;

3) мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;

4) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда икки йил мобайнида;

5) мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;

6) уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;

7) атом объектларидаги фалокатлар оқибатида келиб чиққан оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга; ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга; ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.

Жамоа шартномасида ходимларни ишда қолдиришда афзаллик бериладиган бошқа ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Бу ҳолатлар, агар ходимлар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ишда қолдиришда афзаллик ҳуқуқига эга бўлмаган тақдирдагина, инобатга олинади.

Савол: Сўнги 5 йил давомида меҳнат таътилига чиқмаганман. Иш берувчи мен билан меҳнат шартномасини бекор қилишмоқчи, менга фақат уч йил учун пуллик компенсация тўлаш мумкинлигини қолган йилларнинг муддати ўтиб кетганлигини айтди. Фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўлаш ҳақида тушинтириш берсангиз.

А.Абибуллаев, Чимбой тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 151-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.

Шунинг учун, агар ходим беш йил давомида ўзининг йиллик таътилларидан фойдаланилмаган бўлса, у билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда иш берувчи унга юқорида кўрсатилган барча фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 275-моддасида белгиланганидек, иш берувчи ходимнинг пул ундиришга доир талабларини ҳеч қандай муҳлат билан чекламай, ҳамма вақт учун қондиришга ҳақлидир.

Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги маъсул ходими Ғайрат Тлеумуратов жавоб берди.



Рўйҳатга қайтиш