Тадбиркорликга яратилаётган имтиёзлар ва уларни қўллаш бўйича амалга оширилган ишлар

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки йилларидан Конституциямиз ва қонунчилигимизда хусусий мулк устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилди, унинг ишончли кафолатлари яратилди. Яъни, конститутциямизнинг 53-моддасида Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин,-деб аниқ белгилаб берилган.

Шуниндек, тадбиркорларга бир қанча имконият ва имтиёзларни назарда тутувчи, уларни иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаб, қўллаб-қувватловчи қонунчилик механизмлари шакллантирилди ва йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилмоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг устивор соҳаси бўлмиш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бу борадаги ҳар қандай ғов ва тўсиқларни бартараф этиш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан бири саналади. Яъни, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шароитида хусусий тадбиркорлик субъектларининг эркин ва самарали фаолияти аҳоли бандлиги даражасининг ўсиши, ички бозорнинг товар ва хизматлар билан бойишида муҳим омил вазифасини ўтайди.

Лўнда қилиб айтганда иқтисодиётни изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни беқиёс.

Адлия органларининг асосий устувор йўналишларидан бири фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган жамият ва давлат қурилиши соҳасида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини етказиб беришдан иборат бўлиб ҳозирда бу борада бир қанча кенг камровли ишлар олиб борилмоқда.

Бу тадбирларни амалга оширишнинг самараси қонун ҳужжатларининг оммавий ахборот воситалари орқали, учрашув-семинарларда ва адабиётларда тадбиркорларга қай даражада етказилганига, мазмун моҳиятининг қанчалик тушунтирилганига боғлиқдир.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозим бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил қилинган ва 39 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат LEX.UZ қонун ҳужжатлари миллий базасидан тадбиркорларимизнинг бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Эндиликда интернет тармоғига уланган ҳар бир тадбиркор LEX.UZ сайти орқали нафақат компьютер орқали балки ҳозирда оммавийлашган уюли телефон воситалари орқали ҳам ушбу базанинг мобил версиясидан бемалол фойдаланиш имкоятияга эга.

Мустақиллик йилларида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг ишончли норматив базаси кафолатлари яратилди. Сўнгги йилларда ушбу йўналишга эътибор янада ортаётганининг гувоҳи бўламиз.

Жумладан, Юртбошимиз томонидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш, бу борадаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш масаласи назорат қилувчи ва давлат органлари учун устувор вазифалардан бири этиб белгилаб берилди.

Хусусан, мухтарам Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу йўналишдаги ислоҳотларга катта туртки бўлди.

Мазкур Фармон билан тадбиркорларни ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналишни ўз ичига олган Дастур тасдиқланди ва унда 33 та аниқ чора тадбирлар белгиланди.

Ушбу Фармоннинг давоми сифатида 2015 йил 20 августда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчилар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-391-сонли қонун қабул қилинди.

Ушбу муҳим қонуннинг кучга кириши тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда уларни ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишида давлатимизнинг долзарб вазифалардан бири сифатида ўз тасдиғини топади.

Чунки 45 моддадан иборат бўлган ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 10 та кодексларига ва 33 та қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу қонуннинг кучга кириши тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда уларни ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишида янги даврни бошлаб беришга хизмат қилади деб айтишимиз мумкин.

Киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг айримларини санаб ўтсак:

- Солиққа оид бир нечта ҳуқуқбузарлик учун молиявий жариманинг миқдори энг кўп белгиланган жарима миқдоридан ошмаслиги тартиби ўрнатилди. Илгари ҳар бир ҳолат учун алоҳида жарима ҳисобланиб, уларнинг умумий миқдори қўшиб ундириларди;

- Судлар молиявий жариманинг энг кам миқдоридан ҳам камроқ жарима қўллашга ҳақли эканлиги белгиланди. Олдин судларда ушбу ваколат йўқ эди;

- Кирим қилинмаган товарлар қўзғатилган маъмурий ёки жиноят иши доирасида давлат даромадига ўтказилганда, молиявий жарима қўлланилмаслиги белгиланди. Илгари бу ҳолатда товарлар давлат даромадига ўтказилиб, ушбу товар қиймати миқдорида жарима ҳам қўлланар эди.

- Хўжалик процессуал кодексига корпоратив низолар бўйича иш юритиш юзасидан алоҳида боб киритилди. Бу эса тадбиркорлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини янада кенгайтирди;

- Имтиёз ва преференциялар тадбиркорларнинг ёзма мурожаатларисиз тўғридан-тўғри қўлланилиши кафолатланди.

- Лицензия ва рухсат этиш характеридаги ҳужжатларни бериш янада соддалаштирилди.

Шу ўринда таъкидаш керакки, сўнги 4 йилда 177 турдаги рухсат этиш хусусиятига эга хужжатлар ҳамда 16 та лицензияланадиган фаолият турлари бекор қилинди. Шу билан бирга, рухсат этиш хусусиятидаги хужжатларни расмийлаштириш учун белгиланган йиғимлар 2 баробарига қисқартирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар ва туманларда мазкур Фармон ва қонун мазмун- моҳиятини тушунтириш бўйича назорат қилувчи органлар, тижорат банклари, рўйхатга олиш ва лицензия, рухсатномалар бериш идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштироқида ҳудудлараро семинарлар ва учрашувлар ўтказилди, оммавий ахборот воситалари орқали бир қанча чиқишлар қилинди.

Бу борада амалга оширилаётган ислоҳатларнинг давоми сифатида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, рўйхатдан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларини олиш механизмларини янада соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрда қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор доирасида тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятларни яратиш мақсадида Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги Фармони ижросини таъминлаш ва тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилиб, бунда вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд «ягона дарча» хизматларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб тўхтатилиши белгиланди.

Мазкур қарорга асосан «Ягона дарча» марказларининг асосий вазифалари этиб «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик ғов-тўсиқларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш вазифаси юклатилди.

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига «Ягона дарча» марказлари томонидан мазкур қарорнинг 2 иловасида келтирилган 16 та йўналиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш рўйхати тасдиқланиб ҳозирда ушбу марказлар тадбиркорлик субъектларига 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ушбу йўналиш бўйича тегишли тадбирлар амалга ошириш мақсадида қарорда белгиланган талаблар мазмун-моҳиятини батафсил тушунтириш бўйича ўқув амалий семинарлар ўтказилди.

«Бир дарча» марказлари ва давлат хизматларини кўрсатувчи органлар ходимлари билан тегишли дастурий таъминот орқали ўқув амалий семинарлар ўтказиш режа-графигига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “UNICON.UZ” давлат унитар корхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси худудий бошқармаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги худудий бошқармаси, барча туман (шаҳар) «бир дарча» марказлари ходимлари, давлат хизматларини кўрсатувчи ва бошқа мутасадди органлар маъсул ходимлари иштирокида ўқув амалий семинар ташкил қилинди.

Адлия органларига тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан чет эл инвесторларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини химоя қилиш борасида тадбиркорликка боғлиқ қонунчилик талабларига давлат органлари томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва уларнинг манфаатларини бевосита ҳимоя қилиш тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлик масаласини тегишли тартибда ҳал қилиш вазифаси юклатилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорларнинг хукукларини химоя килиш борасидаги ўтказилган текширишларда жами 664 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф қилиш борасида давлат бошқарув органлари ҳамда назорат қилувчи ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга жами 38 та тақдимнома киритилди, келгусида қонун бузилиш ҳолатларини бўлдирмаслик хусусида 5 та кўрсатмалар ва огоҳномалар берилди, қонун ҳужжатларини жиддий бузган мансабдорларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик жазо чораларини қўллаш бўйича 24 та таклифлар киритилди, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга 7 та даъво аризалар билан мурожаат қилиниб, қўлланилган таъсир чоралари натижасида 33 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, 3 нафар шахс билан меҳнат шартномалари бкор қилинди.

Шу жумладан жорий йилнинг май ойида қайд қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрда ПҚ 2412-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрдаги 358-сон қарорилар ижроси яъни “ягона дарча” марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга давлат хизматларини кўрсатиш юзасидан берилган талабномаларга асосан давлат органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда қонунчиликка риоя этилиши аҳволи ўрганилиб чиқилди.

Ўтказилган ўрганишларда жами 181 та, шундан, 50 та ҳолатда давлат хизматлари кўрсатишнинг белгиланган муддатларини бузиш, 48 та ҳолатда давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларидан тўғридан-тўғри аризаларни қабул қилиш 3 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларидан қонунчиликда белгиланган ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш ва 80 та ҳолатда бошқа қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш бўйича 14 тақдимнома ва 2 кўрсатма киритилди, айдор 13 нафар шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича судларга юборилди.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрь кунги ПҚ-2412-сон “Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига асосан “Вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ фақат «ягона дарча» марказлари орқали амалга ошириладиган давлат хизматлари Рўйхатига киритилган давлат хизматларини кўрсатиш учун бевосита тадбиркорлик субъектларидан аризалар қабул қилиш ва давлат хизматларини кўрсатиш учун «ягона дарча» марказларига мурожаат этган тадбиркорлик субъектларини уларнинг аризаларини кўриб чиқиш жараёнига таклиф қилиш тақиқланади”- деб белгиланган.

Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларига мисол тариқасида келтириб ўтсак, Тўрткул тумани Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри инспектори Саъдуллаев Мурат Хамидуллаевич Тўрткул тумани “ягона дарча” маркази орқали келиб тушган “Глас мед импекс” МЧЖнинг 2016 йил 3 март кунги ва якка тадбиркор “Юлдашев Дилшодбек Шерипбаевич”нинг 5 март кунги ипотека шартномасини рўйҳатга олиш ҳақидаги аризаси муддати кечиктирилиб кўриб чиқилган ҳамда рўйҳатга олинган, “Хамза Тўрткул” хусусий корхонасининг 16 март кунги, “Эркин Шохруххон” МЧЖнинг 10 март кунги ва “Глас мед импекс” МЧЖнинг 31 март кунги ипотека шартномаларини рўйҳатга олиш ҳақидаги аризалар 18 апрель кунига қадар кўриб чиқилмаган ва рўйҳатга олинмаган.

Ваҳолангки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги 1-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 82-бандида “Ипотека тўғрисидаги шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш ариза давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинган кундан бошлаб бир кун мобайнида амалга оширилади.

Давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у ҳақда тузилган битимлар давлат реестрига ипотека шартномасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида ёзув амалга оширилган сана ипотека тўғрисидаги шартнома давлат рўйхатига олинган кун ҳисобланади”-деб белгиланган.

Ёки, 2016 йил 27 январь куни Қўнғирот тумандаги “Зар Нигар Кунграт” оилавий корхонаси “ягона дарча” марказига умумий овқатланиш корхонларида алкоголли маҳсутлотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур ариза кўриб чиқиш учун илова қилинан ҳужжатлар билан туман ҳокимлигига юборилган, Қўнғирот тумани ҳокимлиги алкогол маҳсулотлари билан савдо қилиш гувоҳномасини бериш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш комиссияси котиби Аметов Икрам Қонгратбаевич томонидан ариза кўриб чиқилишида тадбиркорлик субъекти туман ҳокимлиги биносига таклиф қилиниб, туман ҳокими номига ушбу мазмунда қайта ариза олинган.

Шунингдек, И.Аметов томонидан Қўнғирот туманидаги “Айдана Айзада” МЧЖ раҳбари Н.Қайпназаровдан 2016 йил 14 март куни тўғридан-тўғри туман ҳокими номига умумий овқатланиш корхонларида алкоголли маҳсутлотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома бериш ҳақида ариза олинган ва кўриб чиқилган.

Худди шундай ҳолатлар Қораузак тумани ҳокимлиги алкогол маҳсулотлари билан савдо қилиш гувоҳномасини бериш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш комиссияси котиби Темирханов Жеткер Аманбаевич томонидан тумандаги “Онг болсин” хусусий корхонаси “Алпамис Ажинияз”, “Бадан Турсин”, “Бердибай Зухра”, “Генжебай инвест”, “Каллибек Перизат”, “Қараозек Сансизбай”, “Қараозек Сахб”, “ҚҚ шарапсауда” 19-сон дўкони, “Қонграт шарап сауда”, “Ниетбай Оракбай”, “Рахат Руфат”, “Сахро Универсал бизнес”, “Темур Азизбек” хусусий корхоналарининг, Кегейли тумани ҳокимлиги комиссия котиби О.Калмуратов томонидан “Forever Leader” МЧЖ, “Тахиатош шаҳар шаробсавдо” УК, “Бахит Малика” МЧЖ, “MIRIM SHAPAT” МЧЖ, “Молдир Утегенова” МЧЖ, Нукус тумани комиссия котиби томонидан тумандаги “Гулбану Шахназабону” МЧЖ, “Фортуна Традинг” МЧЖ, “Элбек Аллаяр ата” ХК, “Аманбай Света” МЧЖ, “Фарходова Айсенем” ХКларнинг марказ орқали келган аризаларини кўриб чиқишда такрорланиб, улардан туман ҳокими номига тўғридан-тўғри аризалар қабул қилган.

Вазирликнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, уларнинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган ишлар, фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади.

Н.Султанов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси  


Рўйҳатга қайтиш