“Ягона дарча” хизматлари жорий қилинди

Давлатимиз томонидан тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектларига бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, замонавий талабларга жавоб бермайдиган рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларини, статистик, молия ва солиқ ҳисобатларини тубдан қисқартириш, уларни тақдим қилиш механизмларини такомиллаштириш эвазига қулай ишбилормонлик муҳитини яратиш, улар фаолиятига кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари изчил амалга оширилиб келинмоқда.

Қонунчилик асосида барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди.

Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, рўйхатдан ўтиш ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни олиш механизмини янада соддалаштириш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсатининг яна бир яққол далили сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015-йил 28-сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” принципи бойынша давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳисобланади.

Мазкур қарорга асос, барча туман ва шаҳар худудларида тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи марказлар 2016 йилнинг 1 январидан ўз фаолиятини бошладилар. Ташкил қилинган “Ягона дарча” марказлари замонавий компьютер ва бошқа ташкилий техникалар билан таъминланди.

Шунингдек, қарор билан 2016 йил 1январидан бошлаб фақат «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган 16 турдаги давлат хизматлари рўйхати тасдиқланди.

Жумладан:

1. Тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш;

2. Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш;

3. Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш;

4. Қурилиш-монтаж ишларига рухсат бериш;

5. Юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

6. Юридик шахсларнинг бинолар ва иншоотларга (шу жумладан ер ости иншоотларига) бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

7. Юридик шахсларнинг ипотека ҳамда бинолар ва иншоотлар ва ер участкаларига бўлган ашёвий ҳуқуқлар ипотекаси тўғрисидаги шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

8. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси ;

9. Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси;

10. Кўчма савдони амалга оширишга рухсат бериш;

11. Ташқи рекламаларни жойлаштиришга рухсат бериш;

12. Турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсат бериш;

13. Ер ости бойликлари участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлигини тасдиқлаш хулосаси;

14. Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат бериш;

15. Махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсат бериш;

16. Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсат бериш давлат хизматлари ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2412-сон Қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 358-сон қарори қабул қилинди ва ушбу қарор билан:

1. Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш тартиби;

2. Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш тартиби белгилаб берилди.

Мазкур қарорга асос,

«Ягона дарча» маркази ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Давлат хизматлари кўрсатиш рўйхатида назарда тутилган, тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари фақат «ягона дарча» марказлари томонидан кўрсатиладиган Давлат хизматлари рўйхатида (кейинги ўринларда Рўйхат деб аталади) назарда тутилган давлат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги аризаларни (кейинги ўринларда ариза деб аталади) қабул қилади ва рўйхатдан ўтказади;

ариза берувчиларнинг ваколатли органлар билан контактсиз ўзаро ҳамкорлик қилишини таъминлайди;

аризаларнинг ваколатли органларга улар бўйича қарор қабул қилиш ва уларни тегишли равишда расмийлаштириш учун ўз вақтида берилишини таъминлайди;

аризачиларга аризаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича ҳужжатлар беради;

аризачиларга «ягона дарча» марказига мурожаат қилишганда ахборот ёрдами кўрсатади;

жамоатчиликнинг кўрсатилаётган давлат хизматлари тўғрисидаги фикрини ўрганади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

Шунингдек, «Ягона дарча» марказлари ҳамда давлат органлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат хизматлари кўрсатадиган ва (ёки) давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларга эга бўлган бошқа ташкилотлар ўртасида ахборотларни айирбошлаш идоралараро ўзаро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими воситасида амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари фақат давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали кўрсатилади. Давлат хизматлари рўйхатига киритилган хизматлардан фойдаланиш учун «ягона дарча» марказларига мурожаат қилишган тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш давлат хизмати паспортига мувофиқ амалга оширилади.

Аризачи «ягона дарча» марказига давлат хизмати кўрсатиш тўғрисидаги аризани ҳозир бўлиш тартибида ёки почта алоқаси воситасида беради. Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали берилган аризалар давлат хизмати кўрсатадиган тегишли ваколатли органга автоматик равишда бевосита юборилади.

«Ягона дарча» маркази томонидан ҳозир бўлиш тартибида ёки почта алоқаси орқали олинган ариза «ягона дарча» маркази ходими томонидан сканирланади, унга электрон рақамли имзо қўйилади ва ариза олинган куни идоралараро электрон тарздаги ҳамкорлик тизими орқали тегишли ваколатли органларга юборилади.

Бошқа жойдаги «ягона дарча» марказига ҳозир бўлиш тартибида ёки почта алоқаси орқали мурожаат қилинган ёки аризачи рўйхатдан ўтказилган тақдирда ариза тегишли «ягона дарча» марказини хабардор қилган ҳолда идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали «ягона дарча» маркази томонидан тегишли ваколатли органга юборилади.

Аризачилардан аризани қабул қилиш учун тегишли давлат хизмати паспортида назарда тутилмаган қўшимча маълумотларни ва (ёки) ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига яратилаётган бу каби имтиёз ва кафолатлар, шунингдек тадбиркорлик субъектларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Е.Досанов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги маъсул ходими 


Рўйҳатга қайтиш