Тадбиркорлик-тараққиётнинг муҳим таянчи

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан Конституциямиз ва қонунчилигимизда хусусий мулк устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилди, унинг ишончли кафолатлари яратилди. Шуниндек, тадбиркорларга бир қанча имконият ва имтиёзларни назарда тутувчи, уларни иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаб, қўллаб-қувватловчи қонунчилик механизмлари шакллантирилди ва йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилмоқда.

Иқтисодиётни изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини юксалтиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни беқиёс.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислохотлар натижасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳуқуқий кафолатига, чет эл инвесторларининг эркин фаолият юритишини таъминлашга қаратилган зарур ҳуқуқий асослар яратилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу қатори чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун солиқ, божхона ва бошқа соҳаларда бир қатор қулайликлар ва афзалликлар берилмоқда.

Адлия вазирлигининг асосий устувор йўналишларидан бири қабул қилинган қонун ҳужжатларининг етказиб бериш, уларнинг мазмун моҳиятининг тушунтиришга қаратилган бир қанча кенг камровли ишлар олиб борилмоқда. Бунда оммавий ахборот воситалари ва адабиётлардан ташқари тадбиркорларга ҳам қай даражада етказилганига, мазмун моҳиятининг қанчалик тушунтирилганига боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда 34 минга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат қонун ҳужжатлари миллий базасидан тадбиркорларимизнинг бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Эндиликда интернет тармоғига уланган ҳар бир тадбиркор LEX.UZ сайти орқали ушбу базадан бемалол фойдаланиши мумкин.

Энг асосийси, ҳозирги кунда фақатгина тадбиркорликка оид 1200 дан ортиқ қонун ҳужжатларининг мавжудлигини ҳамда улар доимий равишда такомиллаштирилиб борилаётганлигини инобатга олиш лозим.

Юртбошимиз томонидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш, бу борадаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш масаласи назорат қилувчи ва давлат органлари учун устувор вазифалардан бири этиб белгилаб берилди.

Айниқса, мухтарам Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сонли “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу йўналишдаги ислоҳотларга катта туртки бўлди.

Мазкур Фармон билан тадбиркорларни ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналишни ўз ичига олган Дастур тасдиқланди ва унда 33 та аниқ чора тадбирлар белгиланди.

Биринчи йўналишда - тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш;

Иккинчи йўналишда - хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш;

Учинчи йўналишда - барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб таомилларни янада соддалаштириш;

Тўртинчи йўналишда - хусусий мулк ва хусусуий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш, бизнес муҳитини яхшилашга доир тадбирлар ўз ифодасини топган.

Қайд қилинган мазкур Фармон давоми сифатида 2015 йил 20 августда “Ўзбекистон Республикасисининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчилар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-391-сонли қонун қабул қилинди.

Ушбу муҳим қонуннинг кучга кириши тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда уларни ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишида давлатимизнинг долзарб вазифалардан бири сифатида ўз тастиғини топади.

Чунки 45 моддадан иборат бўлган ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 10 та кодексларига ва 33 та қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ва Жиноят кодексларига тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган ҳаракатлар учун жавобгарликни белгиловчи боблар киритилди.

Унда, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш тартибини бузиш, уларнинг фаолиятини ёки банклардаги ҳисоб варақлари бўйича опрецияларини ноқонуний тўхтатиб қўйиш, уларни хомийлик тадбирларига мажбурий жалб этиш, лиценция ва рухсатномалар бериш тартибини бузиш, имтиёзларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш каби қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Тадбиркорларга нисбатан қулланадиган маъмурий ва жиноят қонунчилиги либераллаштирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йилда шаҳар ва туманларда мазкур Фармон ва қонун мазмун моҳиятини тушунтириш бўйича назорат қилувчи органлар, тижорат банклари, рўйхатга олиш ва лицензия, рухсатномалар бериш идоралари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа идоралар маъсул ходимлари иштироқида ҳудудлараро семинарлар ва учрашувлар ўтказилди.

Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, рўйхатдан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларини олиш механизмларини янада соддалаштириш бўйича олиб борилган сиёсатининг яна бир далили сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрда ПҚ 2412-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор ичида тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятларни яратиш мақсадида Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги ПФ 4725-сонли Фармони ижросини таъминлаш ва тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилиб, бунда вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд «ягона дарча» хизматларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб тўхтатилиши белгиланган.

Қарорга асосан «Ягона дарча» марказларининг асосий вазифалари этиб «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик ғов-тўсиқларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш вазифаси юклатилди.

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига «Ягона дарча» марказлари томонидан мазкур қарорнинг 2 иловасида келтирилган 16 та йўналиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш рўйхати тасдиқланган.

Такидлаб утиш жоиз бунда тадбиркорлик субъектларига муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган, умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш, Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга, қурилиш-монтаж ишларига, кўчма савдони амалга оширишга, ташқи рекламаларни жойлаштиришга, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга, махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолига, ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсат бериш, ер ости бойликлари участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлигини тасдиқлаш хулосаси, юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини, юридик шахсларнинг бинолар ва иншоотларга (шу жумладан ер ости иншоотларига) бўлган ҳуқуқларини, юридик шахсларнинг ипотека ҳамда бинолар ва иншоотлар ва ер участкаларига бўлган ашёвий ҳуқуқлар ипотекаси тўғрисидаги шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланган.

Вазирлик томонидан ушбу йўналиш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилди. Яъни мазкур қорорда белгиланган талаблар мазмун-моҳиятини батафсил тушинтириш бўйича ўқув амалий семинарлар ўтказилди.

«Бир дарча» марказлари ва давлат хизматларини кўрсатувчи органлар ходимлари билан тегишли дастурий таъминот орқали ўқув амалий семинарлар ўтказиш режа-графигига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “UNICON.UZ” давлат унитар корхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси худудий бошқармаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги худудий бошқармаси, барча туман (шаҳар) «бир дарча» марказлари ходимлари, давлат хизматларини кўрсатувчи ва бошқа мутасадди органлар маъсул ходимлари иштирокида ўқув амалий семинар ташкил қилинди.

Адлия органларига тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан чет эл инвесторларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини химоя қилиш борасида тадбиркорликка боғлиқ қонунчилик талабларига давлат органлари томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва уларнинг манфаатларини бевосита ҳимоя қилиш тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлик масаласини тегишли тартибда ҳал қилиш вазифаси юклатилган.

Қарақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил давомида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўтказилган назорат тадбирлар натижасида 5279 дан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш борасида давлат бошқарув органлари ҳамда назорат қилувчи ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга жами 84 та тақдимнома киритилди, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 22 нафар мансабдор шахслар расман огоҳлантирилди ва тегишли кўрсатмалар юборилди, қонун ҳужжатларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик жазо чораларини қўллаш бўйича 11 та таклифлар берилди, тадбиркорлик субъектлари фойдасига 179.369.000 сўмдан ортиқ зиённи ундиришга борасида 23 та аризалар билан судларга мурожаат қилинди.

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 121 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 6 та ноқонуний қарорлар бекор қилинди, киритилган тақдимномаларга асосан тадбиркорлик субъектларига 1.234.000 минг сўм маблағ ихтиёрий равишда қайтарилди.

Вазирлик томонидан давлат тузилмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларини тегишли маълумотлар базасини шакллантирган ҳолда аниқлашда, ўрганишда ва мониторингини амалга оширишда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жойларда ўтказилган ўрганишлар жараёнида жами 32 та ҳолатда шундан 11 та ҳолатда Давлат санитария эпидемиология назорати маркази органлари, 13 та ҳолатда Табиатни мухофаза қилиш қўмитаси идораларида, 2 та ҳолатда Давлат солиқ инспекцияси органларида, 6 та ҳолатда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси органлари томонидан ноқонуний текшириш ўтказиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Ўтказилган ноқонуний (рухсатсиз) текшириш бўйича тегишли чоралар кўрилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масалалари ҳал қилинди.

Шунингдек, вазирлик томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини юритиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бўлим томонидан ўтган йил мобайнида жами 197 та мурожат келиб, шундан 171 та мурожат кўриб чиқилиб 40 та қаноатлантирилган, 131 тасига ҳуқуқий тушинтириш берилган бўлиб, мурожаатларга асосан 8 та тақдимнома ва 7 та 134. 362.000 сумга даъво ариза киритилиб, қаноатлантирилди. Мурожаатларга асосан 8 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклиф берилди.

Ўтган йил мобайнида вазирликнинг ишонч телефонига жами 37 та мурожаатлар келиб тушиб, шундан 16 таси қаноатлантирилди ва 17 тасига ҳуқуқий тушинтириш берилди. Мурожаатларга асосан 5 тақдимнома киритилиб, тақдимномага асосан 2 та шахсга интизомий жазо чораси қўлланилган ва 4.421.900 сум ундирилди.

Масалан вазирликка Хўжайли тумани “XUJAYLI BEK TEX SERVIS” МЧЖ директори Н.Бекниязовнинг туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан ҳисобланган солиқ миқдоридан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганилди.

Давлат солиқ инспекциясининг 2015 йил 17 февраль кунги 97-сонли талабномасига асосан 14 август куни корхонанинг 2012-2014 йиллар давомида топшириб келган ҳисоботларига асосан корхонага солиқлар ҳисобланиб, жами 2.989.138,22 сўм миқдорида асосий қарз ва 1.062.611,20 сўм миқдорида пеня ҳисобланган, уларни ундириш учун корхона ҳисобварағига инкассо талабномаси қўйилган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида кўрсатилган амалий ёрдам натижасида жамият томонидан ўтган йиллар учун топширилган солиқ ҳисоботлари аниқлаштирилиб, 2015 йил 21 декабрь ҳолатига қарздорлик йўқолиб, аксинча 1.826.570,38 сўм миқдорида солиқлардан ортиқча тўлов юзага келган ва қўйилган инкассо талабномаси корхона ҳисобварағидан олиб ташланишига эришилди.

Вазирликнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, уларнинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган ишлар, фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади.

Б.Давкараев, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш