Янгиликлар
25
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари масаласи”
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси тарихий аҳамиятга эгадир, Мурожаатнома келажакда давлатимиз олдига қўйилган вазифалар бажарилишининг ғоявий асоси ҳисобланади. Мурожаатномада давлатимизнинг ҳар бир соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, давлат бошқаруви органлари самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий ва эркинликлари, уларни қонуний манфаатларини
ҳар томонлама ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш, фуқароларимизда давлат сиёсатига ишонч руҳини ошириш, ижтимоий ҳаётда жамоатчилик назоратидан самарали фойдаланиш, аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш ва бошқада бир қатор кенг кўламли ишларни амалга ошириш вазифа қилиб белгиланди.
Ислоҳотлар халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутган натижаларга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқ. Шу мақсадда келгуси йилда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Биринчидан, давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш талаб қилинади.
Кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ ва тўлиқ белгиланмагани сабабли фаолиятларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжуд.
Шунинг учун жорий йилда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш, бошқарув ходимлар сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштириш назарда тутилди.
Иккинчидан, йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади. Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига жойларда амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади.
Учинчидан, маҳаллий ижро органлари, вакиллик идоралари ҳамда маҳалланинг институционал асосларини янада такомиллаштириш лозим.
Маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар бундан 27 йил аввал, яъни, ҳокимлик институти жорий этилган дастлабки пайтда қабул қилинган Қонун асосида ишламоқда. Бу ҳужжат бугунги ислоҳотларимиз талабларига мутлақо жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, уни тубдан янгилаш зарур, “маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси” тамойили амалга оширилиши керак.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилади.
Биринчидан, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим.
Жорий йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинди, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади.
Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.
Иккинчидан, жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилади. Жумладан, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади.
Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади. Мазкур енгиллик натижасида ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилади.
Учинчидан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарур. Ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани, фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам айни ҳақиқат,Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши керак.
Тўртинчидан, ўтган йили 1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди. Эндиликда 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролиги берилади, 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш ва олдимизга қўйилган вазифалар ижроси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиши, ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек одамларни рози қилиш йўлидаги эзгу мақсадлар амалга ошишини таъминлаши билан аҳамиятли ҳисобланади.
Беруний туман адлия бўлими бошлиғи
У.Атаджанов