Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Ёшларга оид давлат сиёсати такомиллашмоқда


Мамлакатимизда барча соҳаларда жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, янада кўпроқ кафолатлашга қаратилган шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни янада қўллаб-қувватлашга доир ижтимоий сиёсат олиб борилишига кенг эьтибор берилмоқда. Давлатимиз ва жамиятимиз эътиборида бўлиб турган ижтимоий қатламлардан бири ёшлар бўлиб ҳисобланади. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш улардаги бор имкониятлардан фойдаланишга ва ўз иқтидорларини янада намоён этишига баркамол ёш авдлони тарбиялаш ва ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таьминлаш давлатимиз олдида турган вазифалардан бири бўлиб  бу давлат ва жамият тараққиётининг муҳим омили бўлиб ҳисобланади. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек: «Биз ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки бу сиёсатни энг устувор вазифамиз сифатида бугун замон талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз. Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз».
Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Ўзбекистонда 30 июнь — «Ёшлар куни» деб эълон қилинди. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти ва «Келажак бунёдкори» медали таъсис этилди.
Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.
2020йил 30-июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6017-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрдаги мамлакат ёшлари билан учрашувида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги (Агентлик) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди. Агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. Агентлик, жумладан, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.  Шунингдек, Агентлик ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.  Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган. Дастурда назарда тутилган тадбирлар Агентлик томонидан тўғридан-тўғри ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидиялар тақсимлаш орқали молиялаштирилади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди. Агентлик ҳудудлар кесимида ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантиради ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга оширади. Шунингдек, юқори касбий салоҳиятга эга, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи ёш кадрлар захираси шакллантиради.
2021 йил 1 январдан бошлаб “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони доирасидаги: ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тадбирларни “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар бериш тартиби бекор қилинади; лойиҳаларни кредитлаш бозор тамойиллари асосида тўғридан-тўғри тижорат банклари томонидан амалга оширилади. Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан ёш тадбиркорлар бизнес лойиҳалари учун ажратилган суммаси 2 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тўланади. Жамғарма 2021 йил 1 январдан мустақил нодавлат нотижорат ташкилот сифатида қайта ташкил этилади.
Шунингдек, Фармонга кўра, ёшлар орасидан истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришни назарда тутувчи ташаббускор, ислоҳотларни амалга ошириш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этувчи, раҳбарлик лавозимларига муносиб ёшларни қўллаб-қувватловчи “Ватан ифтихорлари” институционал тизими жорий этилади.
Хулоса ўрнида шунги айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ва шу билан бирга, ёшларда замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган ишлар мамлактимиз олдида турган ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим вазифаларидан бўлиб қолаверади.

Қонликўл туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси                                               Б.Матжанова