Янгиликлар
17
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш - жамият ривожланишининг гаровидир
Бугунги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади қилиб қўйилган ҳар томонлама ривожланган, эркин ва фаровон, қонун устувор бўлган, замонавий демократик давлатлар қаторига қўшилиш учун мамлакатимизда барча соҳаларда мисли кўрилмаган даражада ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, миллий ҳуқуқ тизимида сўнгги йилларда кўлами ва моҳияти нуқтаи-назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини амалда таъминлашга нисбатан муносабатни тубдан ўзгартириш тизимдаги ислоҳотларнинг бош ғоясига айланди. Ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий саводхонлик ҳақида гап кетганда кўпчилигимизда фақат қонунларни билиш ёки улардан бохабарлик даражаси тушунилади. Аслида бу жуда кенг тушунча бўлиб, давлат ва жамиятнинг ривожланганлигини белгилайдиган учта муҳим омилни ҳам ўз ичига олади. Ҳуқуқий маданияти юксак инсон қонунларга итоаткор бўлади, ҳамиша унга бўйсинади ва қонунларга нисбатан ҳурмат билан қарайди. Бундай инсонлар қонунларда белгиланган қоидаларга зид ҳатти-ҳаракат қилмайди, аксинча, бошқаларни ҳам шунга даъват этади. Ижтимоий-сиёсий фаол фуқаро жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга онгли муносабатда бўлиб, ислоҳотларга дахлдорлигини сезиб, давлат ва жамият олдидаги фуқаролик масъулиятини ҳис қилиб яшайди. Энг муҳими, у мамлакат тараққиётига амалий ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил
9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармони кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий саводхонлик даражаси юксалишида амалий аҳамият касб этади. Ушбу Фармонда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинаётганлиги санаб ўтилди. Жумладан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаяпти. Узоқ йиллар давомида бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келиниб, бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмаган, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилмади, аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга доир вазифаларнинг умумий тусда белгиланганлиги ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ таъсирчан механизми мавжуд эмаслиги жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларнинг самарасиз олиб борилаётганлигини кўрсатади, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўзларининг кўплаб маъруза ва чиқишларида давлат ва жамиятни тараққий эттириш умумжамиятнинг ишига айланиши кераклигини, бунинг учун ҳар бир фуқаро ўзининг бу борада қатъий фуқаролик позициясини намоён этиши, фуқаронинг шахсий манфаати ҳеч қачон жамият манфаатидан устун бўлмаслиги лозимлигини таъкидлаб ўтадилар.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий билимлари узлуксиз ва тизимли ошириб борилишини таъминлаш механизмини жорий этиш, шунингдек, ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув дастурларини тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминлаши, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича таълим муассасаларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишининг самарали механизмларини кенгайтириш чораларини кўриш каби жиддий вазифалар юклатилди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясининг ўзига хос энг муҳим жиҳатларидан бири, ҳуқуқий тарбияни шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш дастлаб оиладан бошланиши лозимлиги белгиланганидир. Концепция бизнинг миллий менталитетимиз, яшаш тарзимиз билан узвий боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилганлигидан далолат беради.
Тўрткўл тумани адлия бўлими
катта малаҳатчиси У.А.Халимбетов