Янгиликлар
07
Адлия аралашуви билан фуқарога нафақа пули ундириб берилди
Беруний туманида яшовчи фуқаро М.Х. (исм, фамилияси ўзгартирилди) туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, маҳалла томонидан 2019 йил апрель ойидан буён тўланиб келаётган бола парвариши бўйича нафақа пули март ойида тўланмай қолганлигидан норозилигини билдириб, нафақа пулини ундиришга амалий ёрдам беришни сўради.
Мазкур мурожаат туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилганида, фуқаро М.Х.га 2018 йил 14 декабрда туғилган фарзанди парвариши учун маҳаллада ташкил қилинган Комиссиянинг 2019 йил 28 мартдаги йиғилиш қарори асосида 2019 йил апрель ойидан 12 ой муддатга нафақа пули тайинланганлиги ва ўн бир ой давомида яъни 2019 йилнинг апрель - июль ойларида 406.000 сўм, 2019 йил август ойидан 2020 йил февраль ойигача ҳар ойда 434.000 сўм миқдорда бола парвариши нафақаси тўланиб келинганлиги, ўн иккинчи ойи яъни март ойи учун 434.000 сўм миқдордаги нафақа пули тўланмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандида бола парвариши бўйича нафақа 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак, деб белгиланган. Низомнинг 37-бандига кўра тайинланган, аммо ўз вақтида талаб қилиб олинмаган (тўланмаган) болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ўтган давр учун бир вақтнинг ўзида тўлиқ миқдорда тўланади, деб кўрсатилган.
Туман адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномага асосан фуқаро М.Х.га 2020 йил март ойига бола парвариши учун 434.000 сўм миқдорда нафақа пули ундириб берилди.
С.Раимбекова
Беруний туман адлия бўлими масъул ходими