Янгиликлар
06
“Инновация” энди қонунда акс эттирилди
Кейинги даврларда “инновация” атамаси тез тез қулоғимизга чалинади. “Инновация” лотинча “novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янгиланиш” ёки “ўзгариш” деган маънони билдирар экан, яъни биз биламизки, инновация бу янгилик, ихтиро, кашфиёт дегани.
Мана шу янгилик, ихтиро, кашфиёт маҳсулини иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиш ва иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини рағбатлантириш давлатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсишига бош омил бўлишига ишонамиз албатта.
Бугунги кунда инновация ҳаётимизга кенг кириб келган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси инновацион фаолиятни янада ривожлантириш тарафдоридир, лекин бизда яқин кунларгача инновация фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжат мавжуд эмас эди.
Ҳаётда ҳар қандай фаолиятни амалга оширишни қонун билан тартибга солиш муҳимдир. Биз кутган янгилик рўй берди, “инновация” энди қонунда акс эттирилди.
2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонун 6 боб, 39 моддадан иборат.
Қонуннинг асосий мақсади инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Унда, энг аввало, инновациялар ва инновацион фаолият билан боғлиқ асосий тушунчаларнинг таърифлари келтирилди ҳамда ушбу соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш тамойиллари шу билан бирга механизмлари очиб берилди.
Қонунга кўра, инновация – фуқаролик муомаласига киритилган ёки шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган, қўлланилиши амалиётда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришишни таъминлайдиган янги ишланма, инновацион фаолият деганимиз бу янги ишланмаларни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқариш соҳасида уларнинг ўтказилиши ва амалга оширилишини таъминлаш бўйича фаолиятдир.
Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Вазирлик давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Қонунга кўра, инновацияларни яратишга доир давлат буюртмасини шакллантириш ва тасдиқлаш Фанлар академияси, вазирликлар, идоралар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар таклифлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Давлат инновацион тадбиркорлик соҳасида кадрларни тайёрлашга ихтисослашган давлат таълим ташкилотлари фаолиятига молиявий ёрдам кўрсатади.
Қонунда инновацион фаолият субъектлари белгилаб қўйилди. Булар:
- инновацион фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар;
- инновацион фаолият соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар;
- ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва мулкчилигидан қатъи назар, янги ишланмаларни яратадиган, жорий этадиган ва инновациялардан фойдаланадиган илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар;
- инновациялар ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар манфаатларини ифодаловчи ва ҳимоя қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари;
- инновацион фаолият жараёнида амалга ошириладиган ва фойдаланиладиган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгалари;
- инновацион фаолиятга инвестиция қилишниамалга оширувчи инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари.
Қонунга асосан, инновациялар қуйидаги турларга бўлинади:
маҳсулотга оид инновациялар;
жараёнга оид инновациялар;
маркетингга оид инновациялар;
ташкилий инновациялар.
Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари технологияларни яратиш, жорий этиш, ишлаб чиқариш, уларнинг трансфери ва янги ишланмаларни тижоратлаштириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида, юридик шахс тузмасдан ташкил этилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.
“Инновацион фаолият тўғрисида”ги ушбу Қонун йиллар давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилишига ишонамиз.
С.Раимбекова
Беруний туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси