Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Тўрткўлда қонунни нотўғри қўллаш оқибатида ишдан бўшатилган ходим қайта ишга тикланди


Тўрткўлда қонунни нотўғри қўллаш оқибатида ишдан бўшатилган ходим қайта ишга тикланди


Тўрткўл тумани адлия бўлимига фуқаро А.Р мурожаат қилиб, ўз мурожаатида “Тўрткўлдонмаҳсулот” МЧЖ томонидан қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилганлиги ва унга меҳнат дафтарчаси ҳамда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида буйруқнинг нусҳасини бермаганлигидан норозилигини билдирди.
Мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилганда фуқаро А.Р. корхонада 1998 йилдан бошлаб ишлаб келганлиги ва 2019 йил 13 март куни Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4-қисмига асос ишлаб турган лавозимидан озод этилганлиги аниқланди.
Меҳнат кодексининг 106-моддасига кўра Меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
1) ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;
2) шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда;
3) ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда;
4) ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
5) ходимнинг вафоти муносабати билан;
6) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (Контракти) бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-сонли Қарорининг 43-бандига кўра Меҳнат шартномасининг 106-моддасининг 4-бандига асосан бекор қилинишига ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги ҳолларида йўл қўйилиши мумкин.
Бундай ҳолларга, хусусан қуйидагилар киради:
суд ҳукмига кўра маълум мансабни эгаллаш ёки маълум фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганларни суд томонидан тайинланган вақт давомида ишга қабул қилиш;
бир давлат корхонасида ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларни, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бундай хизматчиларни ишга қабул қилиш, қариндошларнинг биргаликда хизмат қилишларини тақиқлаш ҳақидаги қоидалар.
Қонунлар томонидан вояга етмаганлар ва аёлларни жалб қилиш тақиқланган ишларга қабул қилиш билан боғлиқ ҳолларда йўл қўйилиши белгиланган.
Ўрганиш даврида фуқаро А.Р. нинг 1998 йилда корхонага ишга қабул қилинишида тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган биронта ҳолат аниқланмади.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра Меҳнат шартномаси бекор қилинган кун иш берувчи ҳодимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида буйруқнинг нусҳасини бериши шарт деб белгиланган бўлсада А.Р. га меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида буйруқнинг нусҳасини берилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.1 банди учинчи хатбошисида “Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади” деб белгиланган.
Мурожаатни ўрганиш натижасига кўра туман адлия бўлими томонидан фуқаро А.Р. нинг манфаатларини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига киритилган даъво ариза қаноатлантирилди ва ходимни ишга қайта тиклаш ҳамда қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлари жами 11 859 500 сўм ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди.

М.Нураддинов
туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси