Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

Маъмурий тартиб-таомиллари тўғрисдаги Қонунининг асосий принциплари ва маъмурий иш юритиш тушунчаси


Маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш 2018 йил 8 январь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги  Қонунининг асосий мақсади ва вазифаси ҳисобланади.
Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
Қонунийлик принципи - маъмурий тартиб-таомиллар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Мутаносиблик принципи - маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.
Ишончлилик принципи - ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади.
Манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, маъмурий орган уларнинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш учун чоралар кўради.
Маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслардан улар тақдим этган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонунда бундай талаб белгиланмаган бўлса, тақиқланади.
Тингланиш имкониятининг мавжудлиги принципи - маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шарт.
Маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги принципи - маъмурий тартиб-таомиллар очиқ, шаффоф ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозим.
Маъмурий органлар маъмурий тартиб-таомиллар ҳақидаги ахборотдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилишини таъминлаши шарт.
Манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги принципи - маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган, қонун ҳужжатларининг бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари манфаатдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилинади.
Бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги принципи - манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланади.
Агар манфаатдор шахс виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса ҳамда расмий қоидалар ва талабларнинг йўл қўйилган бузилишлари маъмурий ишни мазмунан тўғри ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, манфаатдор шахс томонидан расмий қоидалар ва талабларга риоя этилмаганлиги номувофиқ маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.

Мазмунан қамраб олиш принципи - маъмурий органлар манфаатдор шахсларга илгари ушбу шахслар томонидан бошқа ҳаракатлар доирасида бажарилган талабларни қўйишга ҳақли эмас.
Агар маъмурий органга тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар маъносига кўра бошқа зарур ҳужжатлар мазмунини ўз ичига олса, ушбу ҳужжатлар қўшимча ёки алоҳида тарзда талаб қилиниши мумкин эмас.
Агар амалга оширилган маъмурий тартиб-таомил маъносига кўра бошқа маъмурий тартиб-таомилларни ўз ичига олса, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда улар ҳам амалга оширилган деб ҳисобланади;
Маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши принципи - маъмурий органга маъмурий тартиб-таомилни амалга ошириш учун бошқа маъмурий органлардан ҳамда ўзга органлардан ҳужжатлар ва маълумотлар олиш талаб этилган ҳолларда, маъмурий иш юритиш «бир дарча» принципи бўйича амалга оширилиб, бунда маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз, идоралараро ўзаро ҳамкорлик воситасида олади, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
Тенг ҳуқуқлилик принципи - маъмурий органларга бир хилдаги ҳақиқий ҳолатларга эга маъмурий ишларни ҳал этишда тенг бўлмаган ёндашувни намоён этиш тақиқланади.
Ҳақиқий ҳолатлари бўйича жиддий фарқланадиган маъмурий ишларни бир хил тарзда ҳал этишга йўл қўйилмайди.
Маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) бир хил усулда амалга ошириши шарт. Ушбу қоида маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, шаклланган маъмурий амалиёт ўзгартирилишини истисно этмайди.
Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи - виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади.
Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак.
Маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги принципи - маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) қонун ҳужжатларида белгиланган доирада амалга ошириши шарт.
Маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатлар ва амалга оширилган маъмурий ҳаракатлар ушбу ваколатнинг мақсадига мос келиши керак.
Текшириш принципи - маъмурий орган маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шарт.
Зарурат бўлганда, маъмурий орган манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғишга ҳақли.
Қонуннинг 22-моддасига асосан Маъмурий иш юритиш иштирокчилари қуйидагилардан иборат:
қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки амалга оширилаётган маъмурий ҳаракат ўзига қаратилган шахс (бундан буён матнда адресат деб юритилади);
ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс (бундан буён матнда учинчи шахс деб юритилади).
Маъмурий орган учинчи шахсларни маъмурий иш юритишда иштирок этишга ўз ташаббусига ёки манфаатдор шахснинг илтимосномасига кўра жалб қилиши мумкин.
Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда учинчи шахслар маъмурий иш юритишда иштирок этишга мажбурий тартибда жалб этилади.
Юридик шахслар маъмурий иш юритишда қонун ҳужжатларида, таъсис ҳужжатларида ёки қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада белгиланган ваколатлари доирасида ҳаракат қилувчи ўз вакиллари орқали иштирок этади.
Жисмоний шахслар маъмурий иш юритишда бевосита ёки ўз вакиллари орқали иштирок этиши мумкин, бундан қонун ҳужжатларида уларнинг шахсан иштирок этиши зарурлиги назарда тутилган ҳоллар мустасно. Вакилнинг иштирок этиши жисмоний шахсни маъмурий иш юритишда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада баён этилиши керак.
Манфаатдор шахснинг вакили маъмурий иш юритишга тааллуқли барча ҳаракатларни ўзи вакиллик қилаётган шахс номидан бажаришга ваколатлидир, шунингдек, агар қонунда ёки унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий иш юритишнинг ўзи вакиллик қилаётган иштирокчиси эга бўлган барча ҳуқуқлардан фойдаланади.
Манфаатдор шахснинг аризаси (шикояти) ёки маъмурий органнинг ташаббуси маъмурий ишни бошлаш учун асос бўлади.
Маъмурий иш юритиш ариза маъмурий органда рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан бошланган ҳисобланади.
Агар маъмурий ишни бошлаш учун маъмурий органнинг ташаббуси асос бўлса, маъмурий иш юритиш адресат тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан бошланган ҳисобланади.
Маъмурий органга бериладиган аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган маъмурий органнинг номи;
2) аризачи — жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг яшаш жойи, агар аризачи юридик шахс бўлса — унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), шунингдек агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва манзили;
3) аризачининг талаби;
4) аризага илова қилинадиган ҳужжатларнинг рўйхати (агар бундай ҳужжатлар мавжуд бўлса);
5) ариза берилган сана.
Ариза аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган аризада ушбу моддада кўрсатилган маълумотлардан ташқари ўз манфаати ҳимоя қилинаётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг манзили (почта манзили) ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборот кўрсатилган бўлиши керак.
Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларга нисбатан қонун ҳужжатларида бошқа талаблар ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин.
Маъмурий орган аризачидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ахборотни ёки ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга, шунингдек аризага ва унга илова қилинган ҳужжатларга нисбатан талаблар қўйишга ҳақли эмас.
Электрон шаклда бериладиган аризаларда аризачининг электрон манзили ҳамда ягона идентификатори, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса электрон рақамли имзо ва бошқа реквизитлар кўрсатилиши керак.
Аризада электрон манзилнинг кўрсатилганлиги аризачининг хабарларни ахборот тизими орқали қабул қилишга бўлган розилигидир.
Жисмоний ва юридик шахслар аризаларни оғзаки шаклда беришга ҳам ҳақли, бундан қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри тақиқланган ҳоллар мустасно.

Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими
етакчи маслаҳатчиси                                                        
Бекжанов А.Б.