Янгиликлар
24
Ер халқ бойлиги, уни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш мумкин эмас...
Асосий қонунимизнинг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир, дейилган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 1-моддасида эса ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади, деб белгиланган.
Мазкур нормалар шуни англатадики, ерни ҳар ким ўз билганича эгаллаб, фойдаланиш мумкин эмас. Демак, биз “ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш” деган тушунчани билишимиз зарур.
Ҳозирда фуқаролар ерни фақат “E-IJRO AUKSION” ягона савдо майдончасида электрон аукционлар орқали олиши мумкин.
Ваколатли органнинг ер ажратиш ҳақидаги қарорисиз ёки қонуний ажратилган ер участкаси чегарасидан чиққан ҳолда қурилган иморатлар, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида қурилган иморатлар ўзбошимчалик билан иморат қуриш бўлиб, ушбу ҳолат «ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш» деб ҳисобланади ва бунга нисбатан қонунда олдин маъмурий, кейин жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ҳоким қарори билан олиб қўйилади ва ундаги бино бузилади.
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс иморатни 15 кун ичида бузиш кераклиги ҳақида огоҳлантирилади, агар шахс бинони ихтиёрий бузмаса иморат суд қарори асосида бузилади, суд қарори ижросини Мажбурий ижро бюроси таъминлайди, иморатни бузиш, етказилган зарарни қоплаш ва ерни яроқли ҳолатга келтириш харажатлари ўша шахсдан ундирилади.
Шунингдек, ноқонуний эгаллаб олинган ердаги бино учун компенсация берилмайди, аксинча қонунни бузган одам жаримага тортилади ва у ўз ҳисобидан ерни аввалги ҳолатига қайтариши шарт.
Ер халқ бойлиги, уни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш мумкин эмас.
С.Раимбекова,
Беруний туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси