Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

ЎҚИТУВЧИЛАР ФАОЛИЯТИНИ ҚОНУНИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ МУҲИМ МАСАЛА


Ўқитувчилик улуғ касб, унга эҳтиром ва ҳурмат кўрсатиш ҳар бир илм олувчининг вазифасидир. Уларнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва мавқеи ҳар доим баланд бўлиши муҳим. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ” деган сўзлари ўқитувчиларнинг айни вақтда олийжаноб ва машаққатли фаолиятига берилган юксак баҳо десак ҳам бўлади.
Давлатимиз томонидан педагог ходимлар фаолиятини тартибга солувчи кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун билан ҳимоя қилинишига замин яратмоқда.
Хусусан, 2020 йилнинг 21 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Мазкур Қонун билан қатор қонунлар ва кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 197⁵ - модда билан тўлдирилди. Ушбу моддага кўра, таълим муассасалари педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун:
- фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМнинг) 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 115 минг сўмдан 1 млн 561 минг сўмгача);
- мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорида (1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача) жарима қўлланилади.
Шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса:
- фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача);
- мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида (2 млн 230 минг сўмдан 3 млн 345 минг сўмгача) жарима қўлланиши мумкин.
Ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилганда таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа зарур бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Қонуннинг қабул қилиниши орқали ўқитувчиларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олди олинади ва улар ўзларининг устида ишлашлари учун имконият яратилади. Ушбу қонунчиликдаги янгилик педагогларнинг келажак авлодга таълим беришдаги ҳамда етук кадрларни тайёрлашдаги фаолияти давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг яна бир исботидир.

Беруний тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси
Л.Ш.Розимова