Янгиликлар
22
Адлия бўлими аралашуви билан инспекторларнинг меҳнатига ҳақ тўлашдаги хатоликлар бартараф этилди
Амударё туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими инспекторлари Г.С., Н.Н. ва М.С. лар 2020 йил июнь ойида туман адлия бўлимига иш берувчи томонидан разряд учун иш ҳақига устама тўланмасдан келаётганидан норозилигини билдириб, ҳуқуқий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.
Мурожаатни ўрганиш давомида аниқланишича, ходимлар Г.С., Н.Н. ва М.С. лар туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг 2012, 2014 ва 2015 йиллардаги тегишли буйруқлари билан инспектор вазифасига ишга қабул қилинган. Бирлашма бошлиғининг 2017 йил 24 майдаги тегишли буйруқлари билан эса ходимларнинг меҳнат шартномаларига ўзгартиришлар киритилиб, улар кадрлар бўлими инспектори лавозимига ўтказилган. Ходимлар бугунги кунга қадар мазкур лавозимда ишлаб келсада, бироқ иш берувчи мазкур ходимларнинг олий маълумотли эмаслигини асос қилиб, уларни 3 разряддаги ходимлар ҳисобида кўриб, ойлик иш ҳақиларига бирор қўшимча тўловлар тўламасдан келган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сон “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 1-бандида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар 4-иловага мувофиқ тасдиқланган.
Мазкур қарорга 4-ИЛОВА “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича” РАЗРЯДЛАРнинг 7-устунида олий маълумотли бўлмаган мутахассислар ва инспекторларга Ягона тариф сеткаси бўйича 6 разряд берилиши ва шунга мувофиқ иш ҳақи тўланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасида, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги кўрсатилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида юқорида қайд этилган хато ва камчиликларга йўл қўйилган ҳолатлар юзасидан 2020 йил 9 июнда Амударё туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилди. Тақдимнома натижасида мурожаатчиларнинг ойлик иш ҳақилари 6 разряд бўйича қайта ҳисобланиб, 2019 йил октябрь ойидан 2020 йил июнь ойига қадар бўлган даврдаги қўшимча тўловлари тўлаб берилди ва инспекторларнинг меҳнатига ҳақ тўлашдаги хатоликлар бартараф этилди.
Амударё туман
адлия бўлими бошлиғи
Муминжон Матюсупов