Янгиликлар
17
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРТИЗА ВА ЮРИДИК ХИЗМАТЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ СОҲАСИДАГИ ИШЛАРИ
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан 2020 йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган фаолияти умумлаштирилиб, таҳлил қилинди. Вазирлик ва унинг тизимидаги туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жами 60 та қарорлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, жами 56 та қарорлари давлат ҳисобига олинди.
Республикадаги давлат органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига жами 273 та юридик хизмати штат бирликлари мавжуд бўлиб, шундан 265 тасида олий юридик маълумотга эга бўлган юридик хизмат ходимлари ўз фаолиятини олиб бормоқдалар ҳамда қолган 8 та давлат органи ва ташкилотларидаги юридик хизмат ходими лавозими эса ҳозирда вакант ҳисобланади. Шунингдек, 265 та юридик хизмат ходимидан 216 таси ( 81,5 фоизи) малакасини оширган, 28 таси ҳисобот охирида масофавий курсларда малака оширмоқда (10,5 фойизи), 215 таси ( 81 фоизи) аттестациядан ўтган.
265 та юридик хизмат ходимидан 200 таси ( 75,4 фоизи) махсус унвон-мартаба даражасига эга. Махсус унвон-мартаба даражаси олиш учун юридик хизмат ходими шу соҳада 1 йиллик иш стажига эга бўлиши лозим. Олдин суд, прокуратура, ички ишлар, божхона, солиқ органларида ишлаб, ушбу органларнинг тегишли мартаба даражаларини олган юридик хизмат ходимларига 1 йиллик иш стажига қарамасдан белгиланган тартибда малакасини оширган ва аттестациядан ўтганидан сунг уларга мартаба даражалари Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан тенлаштирилиб берилмоқда.
Бўлим томонидан 2020 йилда юристларни малакасини ошириш бўйича “Масофавий малака ошириш” ўқув курсларини ташкил қилиш бўйича Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказидан шартномалар олиб келиниб, республикадаги ташкилотларга тарқатилди. Шунингдек, 45 нафар малакасини оширмаган юридик хизмат ходимлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига хатлар чиқарилди.
Шу билан бирга, вазирлик томонидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда жорий йилнинг июнь ойининг охири ва июль ойининг бошидан бошлаб 3 ойлик масофавий курсларга республикадаги давлат органлари ва ташкилотларининг жами 43 нафар юрисконсультлар малакасини оширмоқда. Малакасини оширганидан сунг уларга белгиланган намунадаги Юристлар малакасини ошириш марказининг сертификатлари берилади.
Ҳисобот даврида вазирликнинг "Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш комиссияси"га аттестациядан ўтиш учун жами 24 нафар юридик хизмат ходимлари томонидан ҳужжатлар тақдим этилган, Мазкур ҳужжатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, комиссиянинг тегишли қарорига мувофиқ, жами 20 нафар юридик хизмат ходимлари аттестациядан ўтган деб, 4 таси аттестациядан ўтмаган деб топилган ҳамда 1 нафарининг ҳужжатлари тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ижросиз қайтарилган. Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш комиссияси томонидан атестациядан муваффақиятли ўтган юридик хизмат ходимларига белгиланган намунадаги аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳномалар топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлигининг "Юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш комиссияси" томонидан 2020 йил 6 ойи давомида республикадаги давлат органлари ва ташкилотларидан жами 59 нафар юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш масаласини келишиш бўйича келиб тушган тақдимномалари кўриб чиқилди. Кўриб чиқиш жараёнида 2 нафар номзоднинг ҳужжатлари ижросиз қайтарилди, шунингдек комиссия томонидан жами 57 нафар номзодни юридик хизмат ходими лавозимга тайинлаш бўйича белгиланган тартибда суҳбатдан ўтказилди. Ўтказилган суҳбат натижаси ҳамда тегишли комиссияси қарорига асосан 14 нафар номзод суҳбатдан ўтмаган деб, 43 нафари суҳбатдан ўтган деб топилиб, юридик хизмат ходими лавозимига тайинлаш учун келишим берилди. Шунингдек, Вазирликнинг "Юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш комиссияси" томонидан республикадаги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юборилган тақдимномалар асосида жами 25 нафар юридик хизмат ходимини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш масаласи келишилди, 4 тасига лавозимидан озод этиш масаласи рад этилди.
Бундан ташқари, юридик хизмат ходимларини касбий билимлари, ўқув ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва шакллантириш, шунингдек тайинланаётган лавозими бўйича функционал вазифаларини сифатли бажариши учун ҳисобот даврида вазирликда жами 11 та юридик хизмат ходимлари белгиланган тартибда стажировка ўтадилар.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг тегишли буйруқлари асосида жами 13 та юридик хизмат ходимларига махсус унвон мартаба даражалари берилди. Бўлим томонидан ўтган давр мобайнида 5 нафар масъулларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, шундан 5 тасига хайфсан берилди.
Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими.