Янгиликлар
16
Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ)ни давлат рўйхатидан ўтказишда қанча давлат божи ундирилади?
Нодавлат нотижорат ташкилотларини (уларнинг юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида бўлинмаларини, халқаро ва хорижий ННТнинг ваколотхоналари ва филиалларини, юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмаларини) давлат (ҳисоб) рўйхатидан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланган.
Ушбу низомнинг 6-бандида халқаро ННТ, шунингдек халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиаллари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 12,5 баравари;
республика ва вилоятлараро ННТлар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари;
фаолиятини вилоят ҳудудида олиб борадиган ННТ учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари;
фаолиятини туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган эди.
7-бандига асосан ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган сумманинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундириларди.
8-бандида эса, ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш учун ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган сумманинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 июнь кунги 384-сон “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур 6-8-бандлар ўз кучини йўқотган.
Ушбу бандларнинг ўз кучини йўқотганлиги нодавлат нотижорат ташкилотларини халқаро ва хорижий ННТнинг ваколотхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи ундирилмаслигини англатмайди.
Сабаби, 2020 йилнинг 6 январь куни “Давлат божи тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган эди. Мазкур Қонуннинг иловаси билан давлат божи ставкаларининг миқдорлари тасдиқланган. Унинг еттинчи бандига кўра ННТларни давлат рўйхатидан ўтказишда қуйидаги миқдорларда давлат божи ундирилади:
халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини, шунингдек халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларидан – БҲМнинг 12,5 баравари;
республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларидан – БҲМнинг 3 баравари;
фаолиятини вилоят ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларидан – БҲМнинг 1 баравари;
фаолиятини туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларидан – БҲМнинг 50 фоизи.
“Давлат божи тўғрисида” Қонуннинг 15-моддаси иккинчи қисми ва “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 9-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотларининг алоҳида бўлинмаларини (ваколатхоналари ва филиалларини) давлат рўйхатидан ўтказганлик (ҳисобга қўйганлик) учун давлат божи ундирилмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси
Э.Д.Гайипов