Янгиликлар
14
Раҳбарнинг тугамас баҳоналари ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлган
Мақсадимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлар экан, туман адлия бўлимига келиб тушган ҳар бир мурожаат изчил ва холисона ўрганилиб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир қилган шахсга нисбатан тегишли жавобгарлик белгиланишини таъминлаш асосий вазифамиз бўлиши керак.
Беруний туман адлия бўлимига жорий йил олти ой давомида 83 нафар жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган бўлиб,
шундан 53 таси қаноатлантирилди.
Ушбу мурожаатлар қаторида Қонун билан мустаҳкамланган хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учраши энг ачинарлисидир.
Фуқаро И.Д. туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, бола парвариши таътили тугагандан сўнг иш берувчи томонидан турли баҳоналар билан ишга тушишга рухсат берилмаётганлигидан норозилигини билдирди. У ўзининг II гуруҳ ногирони эканлигини, оиласида моддий қийинчилиги мавжудлигини, иш берувчи ҳозирда бўш ўрин йўқлиги сабабли сентябрь келишини кутишини, кейин сайлов ўтишини, янги йилдан ишга туширишини, ана ундан кейин эса бошқа жойдан иш топиб беришини баҳона қилиб, салкам бир йил бўлсада натижа йўқлигини баён қилди.
Мурожаат ўрганилиб, ҳақиқатда фуқаро И.Д. 2017 йил 6 июлдан бошлаб икки йил муддатга бола парвариши таътили олганлиги, 2019 йил май ойида иш берувчига ишга тушишга рухсат беришни сўраб мурожаат қилганлиги, лекин иш берувчининг кўрсатмасига кўра бир йил ўз ҳисобидан иш ҳақи сақланмайдиган таътил олганлиги, шундан сўнг бир неча маротаба иш берувчига оғзаки ва ёзма мурожаат қилганлиги, лекин унинг мурожаатлари қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги ҳамда фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланмасдан келинганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасида аёл ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар ўз хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ишлашлари мумкин. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади, деб белгиланган.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, туман адлия бўлими томонидан тегишли ташкилотга тақдимнома киритилиши натижасида фуқаро И.Д. ишга тикланди ҳамда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига берилган маъмурий таклифга кўра иш берувчи Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жаримага тортилди.
Шу тариқа, раҳбарнинг тугамас баҳоналари ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлган, аммо адлия бўлими аралашуви билан келгуси баҳоналарга чек қўйилиб, фуқаронинг ҳуқуқлари таъминланди.
С.Раимбекова Беруний туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси