Янгиликлар
23
Туман адлия бўлими фаолиятидан: Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида
Туман адлия бўлими фаолиятидан:
Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПФ–5415-сон “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, «республика — вилоят — туман — маҳалла» принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга оширишдир.
Ҳуқуқий маданият деганда, жамиятнинг қонунчилик даражаси, мавжуд қонунлардан аҳолининг хабардорлик даражаси ва ҳуқуқ нормаларига риоя қилиши ҳамда уларни бажармаган шахсларга нисбатан муросасиз бўлиши тушунилади.
Ҳар бир фуқаро, энг аввало, Конституцияни яхши билиши, ундаги нормаларни ўрганиши, ўзининг ҳуқуқи, бурчи ва мажбуриятларини тўлиқ англаши ва уларни ҳаётда қўллай олиши керак.
Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида ҳар бир туман (шаҳар) адлия бўлими ходимлари томонидан доимий равишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, Беруний туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг I ярим йиллигида тумандаги 49 та давлат органлари ва ташкилотларига 500 га яқин янгидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари электрон тарзда етказиб берилди, 520 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Асосий қонунимиз бўлган Конституциянинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга оид тарғибот тадбирларига тўхталсак, мазкур масала туман адлия бўлимининг иш режасига киритилган бўлиб, бу борада ўтган давр мобайнида 10 га яқин кўргазмали қуроллар тайёрланди, оммавий ахборот воситалари орқали 20 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот, 10 дан ортиқ оғзаки ҳуқуқий тарғиботлар амалга оширилди.
Шунингдек, туман Халқ таълими ва Мактабгача таълим бўлимлари билан ҳамкорликда тасдиқланган режага асосан тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларининг катта ва тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиларига ҳуқуқий саводхонлик машғулотлари ўтказилди.
Машғулотларда болаларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти ва бола ҳуқуқлари ҳақида тушунчалар берилди, конституция, давлат рамзлари, бола ҳуқуқларига оид видеороликлар намойиш қилинди, Адлия вазирлигининг http://bolahuquqlari.uz/ порталидан кенг фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Бу каби тадбирларни ўтказишдан мақсад энг аввало болаларимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларга асосий Қонунимизнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, конституциявий ҳуқуқларини, бурчларини ўргатиш ва албатта қонунга итоат қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир.
С.Раимбекова
Беруний тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси