Янгиликлар
09
Келиб тушган мурожаатларга асос мониторинг ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан карантин даврида фуқароларнинг ижтимоий тармоқлар орқали билдирган асосий масала ва муаммолари ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жорий йилнинг январь, февраль, ва март ойларида тайинланган нафақа пуллари тегишли оилаларга ўз вақтида тўлаб берилмаётганлиги ва март, апрель ойларида тўлаш муддатлари тугаган нафақалар танафуссиз давом эттирилмаётганлиги бўйича ҳолатлар кўплаб аниқланди.
Шунга асос, жорий йилнинг 1-15 май кунлари оралиғида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жами 332 фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг нафақаларни тайинлаш ва тўлаш соҳасидаги ишларида мониторинг ўтказилди.
Мониторинг давомида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан нафақаларни тайинлаш ва тўлаш соҳасида бирқанча қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Яъни, 529 фуқарога нафақалар ариза берувчининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўлаб берилмаган, 205 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентиниң 2020 йил
3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармони талаблари бузилган ҳолда нафақаларни тўлаш танафуссиз давом эттирилмаётган бўлса, 468 ҳолатда нафақаларни тайинлаш ва тўлашда бошқа қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича Вазирлик ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига, унинг туман (шаҳар) бўлимларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига 96 та тақдимнома ва 260 та огоҳномалар киритилди.
Қўлланилган таъсир чоралар натижаси вазирлик ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан назоратга олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи
Е.УТЕПОВ