Янгиликлар
22
Коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этишимиз зарур
Коррупцияга қарши курашиш масаласи – давлатни ташкил қилишнинг доимий масалаларидан биридир.
Давлат ва жамиятда коррупцияни камайтирадиган, коррупцияга алоқадор шахсларни аниқлаш ва жазолашда имкон берадиган аниқ чора–тадбирлар коррупцияга қарши курашда муҳим роль ўйнайди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатлар 2017 йил 3 январдан бошлаб тартибга солинган, яъни, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.
Бу тартиб Қонун миқёсида қўшни давлатлар бўлган Россия Федерациясида 2008 йил 25 декабрда “Коррупцияга қарши курашиш туғрисида”ги 273–ФЗ–сон Федерал қонуни ва Қозоғистон Республикасида 2015 йил 18 ноябрьда “Коррупцияга қарши курашиш туғрисида”ги 410 V-сон қонуни қабул қилиниб, тартибга солинган.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Яъни, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бу аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга қаратилган.
Давлат ва жамиятда коррупцияни камайтирадиган, коррупцияга алоқадор шахсларни аниқлаш ва жазолашга имкон берадиган аниқ чора–тадбирлар коррупцияга қарши курашда муҳим роль ўйнайди.
Мисол тариқасида, Россия Федерациясида коррупцияга қарши курашиш соҳасида оддий ва самарали чоралар – бу мансабдор шахсларнинг даромадлари ва мол–мулкини тақсимлаш тўғрисидаги йиллик ҳисоботлари. Ушбу шахсларнинг (шунингдек уларнинг болалари ва турмуш ўртоқлари) даромадлари тўғрисидаги декларациялар Интернетда оммага тақдим этилади, расмий оммавий ахборот воситаларида ёритилади, шунингдек, бошқарув ва назорат органлари томонидан текширилишини кўришимиз мумкин.
Коррупция – бу нима?
Ушбу ҳолат моҳиятини аниқ тушуниш ва уни бошқа ҳуқуқбузарликлардан ажрата олиш жуда муҳимдир.
Бугунги кунда қонунда белгиланган “коррупция” тушунчасининг аниқ таърифи мавжуд.
Унга кўра коррупция – бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Агар бирор киши моддий ёки номоддий фойда олиш мақсадида узининг ёки бошқа бировнинг хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланишда иштирок этса, у – коррупция тизимининг бир қисмига айланади.
Афсуски, катта гуруҳ одамлар учун кундалик муаммоларни ҳал қилишда кичик пора бериш уларнинг дунёқарашига, ахлоқий чекловларига зид келмайди.
Ўзбекистон Республикасида қуйидаги жиноятлар коррупция деб ҳисобланади:
Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (Ўз Рес. Ж.К. 205 моддаси);
Пора олиш (Ўз Рес. Ж.К. 210 моддаси);
Пора бериш (Ўз Рес. Ж.К. 211моддаси);
Пора олиш-беришда воситачилик қилиш (Ўз Рес. Ж.К. 212 моддаси);
Хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш (Ўз Рес. Ж.К. 301моддаси);
Тижоратда пора эвазига оғдириб олиш (Ўз Рес. Ж.К. 1929-модда. ), шунингдек юқорида кўрсатилган “коррупция” тушунчасига кирувчи бошқа ҳаракатлар.
Пора.
Асосоий коррупция ҳаракати пора олиш ва беришдир. Пора нафақат пул, балки бошқа моддий ва номоддий бойликлардир. Мансабдор шахс томонидан ўзининг амалга оширилган ёки амалга оширилмаган ваколатлари учун олинган хизматлар, имтиёзлар, ижтимоий фойдалар ҳам пора олиш предмети ҳисобланади.
Россия Федерациясида Тижорат порасини бериш деган тушунча бор.
Бу пора бериш ва пора олиш каби жиноятларнинг хусусиятларига ўхшаш тижорат порахўрлиги ҳам мавжуд бўлиб, у ҳам “коррупция” тушунчасига киритилган.
Ушбу жиноятлар ўртасидаги фарқ шундаки, тижорат порасини бериш, моддий бойликларни олиш, шунингдек мол-мулк билан боғлик хизматларни бериш (берувчилар) манфаатларига қарши ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этиш тижорат ёки бошқа ташкилотда бошқарув функцияларини бажарувчи шахс томонидан амалга оширилади.
Россия Федерацияси Жиноят кодексида пора олганлик учун бир миллион рубльгача жарима солишдан тортиб 15 йилгача қамоқ жазоси ва пора берганлик учун беш юз минг рубльгача миқдорда жаримадан тортиб 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.
Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексида пора олганлик учун поранинг йигирма бараваридан эллик бараваригача миқдорда жаримадан тортиб 15 йилгача қамоқ жазоси, пора берганлик учун поранинг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жаримадан тортиб 15 йилгача қамоқ жазоси билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида пора олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жаримадан тортиб ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора берганлик учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жаримадан тортиб ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади,-деб белгиланган.
Юқорида кўрсатиб ўтилган учта давлатдан Қозоғистон Республикасида берилган поранинг миқдоридан келиб чиққан ҳолда жарима миқдори белгиланишини кўришимиз мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш чораларини кўришда давлатнинг ўрни қанчалик фаол бўлишидан қатъий назар, бу курашни оддий фуқаролар ёрдамисиз амалга ошириш мушкулдир.
Коррупциянинг олдини олиш учун фуқаро ўзининг ҳуқуқларини қатъий билиши, уларни ҳимоя қила олиши, шахсий, жамоат ва касбий ҳаётда коррупциядан фойдаланишни рад этадиган қатъий ахлоқий ҳолатга эга бўлиши керак.
Фуқаро коррупция жинояти иштирокчисига айланмаслик учун давлат, туман (шаҳар) органлари ва муассасалари, тижорат ёки бошқа ташкилотлар билан боғланишдан олдин, у ёки бошқа орган, муассаса, ташкилот ишлайдиган норматив-ҳуқуқий базани ўрганиши мақсадга мувофиқдир. Ахир, бу қонунларни билиш, мансабдор шахс ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилаётганлиги ёки ўз хизмат вазифасини номақбул тарзда бажараётганлиги ва порага чама қилаётганлигини бошлаганида тушунишга ёрдам беради.
Оддий фуқароларга мустақил равишда коррупцияга қарши курашда ёрдам бериш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг ахборот очиқлигини таъминлаш мақсадида барча давлат ва туман (шаҳар) ҳокимияти органлари ўзларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатларни ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштиришлари шарт. Шунинг учун, давлат ёки туман (шаҳар) ҳокимиятининг у ёки бу органига мурожаат қилишдан олдин, ушбу органнинг фаолияти тўғрисида маълумотни, масалан, Интернетдаги веб-сайт орқали ўрганиш мумкин.
Булардан ташқари баъзи қўшимча чораларни кўриш ёмон бўлмайди.
Фуқаролар ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашиши мумкин. Бу суҳбат фуқароларда янада ишонч ҳосил қилинишга имкон беради.
Агар фуқаро давлат ва туман (шаҳар) ҳокимияти органлари томонидан бирон бир текширувдан ўтаётган бўлса (йўл ҳаракати қоидалари ёки божхона режими бузилганлиги тўғрисида баённома тузилиши, паспорти текширилиши ва ҳоказо), унга нисбатан суистеъмол қилинишидан ҳимояланиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий гувоҳномасига қараб, унинг шахсий маълумотларини текшириб кўриш, исмини ва лавозими (унвонини) эслаб қолиш ёки ёзиб олиш;
– фуқарога нисбатан санкцияларни қўллаш ёки унинг мол-мулкига нисбатан чоралар кўриш учун асосларни аниқлаш;
– агар фуқарога нисбатан баённома ёки унга нисбатан ҳаракат қилинса, расмий шахс барча устунларни бўш қолдирмасдан тўлдиришини талаб қилиш;
– гувоҳларни кўрсатиш керак бўлган ҳолатларда барча гувоҳларни ёзувда кўрсатилишини талаб қилиш;
– мансабдор шахсдан фуқаро кўрсатган барча ҳужжатлар баённомада кўрсатилишини талаб қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Агар мансабдор шахс кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилишдан бош тортса, ундан ёзма равишда рад етишни талаб қилиш;
– баённомани диққат билан ўқимасдан имзо чекмаслик;
– баённомада ёки далолатномада қайд этилган маълумотлар билан келишмовчилик бўлган тақдирда, ушбу баённома ёки далолатномага эътироз билдириш учун имзо қўйишдан олдин буни кўрсатиш;
– ҳеч қачон бўш варақларга ёки бўш шаклларга имзо қўймаслик;
– маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённоманинг сатрида фуқаронинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисида имзо қўйилиши керак, бунда агар баённомани тузган мансабдор шахс фуқарога ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтирмаса ёки уларни орқада ўқишни таклиф қилса, “ЙЎҚ” ёки “–” сўзи қўйилиши лозим. Фуқаро ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ўқимаслиги керак, уларга тушунтирилиши керак;
– баённома ёки далолатнома нусхаси берилишини талаб қилиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳозирги глобаллашув замонида, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солаётган коррупцияга қарши курашда мамлакатимизда барчамиз бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишимиз, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатини нафақат қўллаб-қувватлашимиз, балки унда фаол иштирок этишимизни бугунги даврнинг ўзи тақазо этаётганини унутмаслигимиз шарт ва зарур.
Хўжайли тумани адлия бўлими