Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Коррупцияга қарши самарали курашишда биргина қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши етарли эмас


Бугунги кунда порхўрликнинг бормаган жойи, аралашмаган соҳаси бўлмаса керак. Жамиятимиздаги кимлардир коррупциядан азият чеккан бўлса, кимлардир бойлик орттирмоқда, аллакимлар эса коррупцияга йўл қўйиб, жонларини қил устида қўймоқда. Шундай бўлсада, бугунги жамият коррупция ҳақида фақат салбий фикрда. Бир томондан, халқнинг кўпчилиги коррупцияни тан олади, унинг ёмон иллат эканлигини била туриб, ундан керакли пайтда фойдаланади. Хўш нимага? Сабаби, коррупциявий ҳаракатга дуч келган одам “ўзганинг ўйинчоғи”га айланганлигини сезинади. Ким ҳам ўйинчоқ бўлишни истайди дейсиз? Ўша инсон қонун бўйича ўзига ишончли бўлиши мумкин, лекин коррупция билан юзма-юз келганда чораси қолмайди, чунки коррупция – тизимли ҳодисадир.
Ҳозирда у давлат бошқарувининг айрим функцияларини ўз мажбуриятига олишга интилмоқда. Ҳаттоки, айрим мансабдорлар қандайда бир лавозимга бировни ишга олаётганда, ишга олиш ва ишдан бўшатиш ўзининг вазифасида бўлсада, “юқоридагиларни рози қилиш керак” деб, коррупцияни қонунийлаштириб олган. Одамларга иш керак, қаерга борса ўша гап, нима қилсин, рози бўлиб қўя қолади. Натижада одамларда давлатга, қонунга ишонч йўқолади. Бу эса, давлатимиз келажагига катта таҳдид солиши табиий.
Шу сабабли коррупцияга қарши курашни жамият бир сонияга ҳам тўхтата олмайди, у билан курашишга мажбур. Коррупция кўпчилик ҳолатларда “сирли” бўлиб қолиши мумкин, лекин унинг қонунларимизга зидлигини, жавобгарлик белгиланганлигини ўша муносабатга киришган одамлар ўзида ҳис қилади ва доим ишончсизлик билан яшайди. Яъни коррупция уни содир қилганларнинг ҳар иккаласини ҳам емиради. Бундай яшаш қанчалик қийин бўлмасин, барибир коррупция жамиятда хавфли вирус каби тарқалиб кетаверади. Бунга ўз вақтида курашиш керак. Коррупцияга қарши курашиш дунёнинг барча давлатларида ҳар хил шаклда амалга оширилади. Қайси бир давлатлар ҳуқуқий онгни юксалтиришдан, қайси бирлари жавобгарликни куча    йтириш орқали, бошқа бирлари эса инсон омилисиз хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш билан юқори натижаларга эришмоқда. Масалан, Transparency International халқаро ташкилотининг коррупцияга қарши рейтингида юқори балл тўплаб келаётган Данияда қонунга сўзсиз итоат қилиш, жамиятнинг барча аъзолари томонидан ахлоқ тамойилларига риоя қилиш жамиятни самарали бошқаришнинг асосий услуби ҳисобланади. Ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида ҳамма бирдек жавобгар бўлиб, маъмурий ёки жиноий ҳаракати учун масъулиятдан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Машинасида тезликни оширгани учун Дания қироличасининг ўғли, шаҳзода Йоахим жарима тўлаган ва матбуотнинг кескин танқидига учраган. Турмуш ўртоғи ўз фермасида хорижлик ишчиларни рўйхатдан ўтказмасдан ишлатгани учун вазирлардан бири истеъфога чиқишга мажбур бўлган.
Сингапурда “Коррупцияга қарши кураш бўйича тергов бюроси” деб аталмиш алоҳида махсус орган бор, Нидерландияда эса коррупциянинг зарарини тушунадиган мансабдорларни тайёрлашнинг махсус тизими яратилган, коррупция ҳолати аниқланганда, унинг оқибатлари муҳокама қилиниб, уларга берилган жазолар мунтазам эълон қилиниб борилар экан.
Ушбу давлатларда энг аввало, халқнинг ҳуқуқий маданиятининг юксаклиги коррупцияга қарши курашишда яхши натижаларга эришишига сабаб бўлмоқда.
Бизнинг давлатимизда ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилган. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлигини алоҳида айтиб ўтиш зарур. Президентимиз ташаббуслари билан қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ва алоҳида Давлат дастурида эса навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Қонунда илк бор коррупция ва манфаатлар тўқнашуви тушунчаларига таъриф берилди. Шунингдек, қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли органлар ҳамда уларнинг мақоми аниқ белгилаб қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон билан 2019 – 2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Давлат хизмати тизими, унинг мақсадлари ва вазифалари тубдан такомиллаштирилди, давлат хизматчиларининг иш ҳақи ўртача қарийб 60 фоизга, айрим соҳаларда эса, бир неча баробарга оширилди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларига асосан барча вазирлик ва идораларда одоб-ахлоқ меъёрлари тасдиқланди, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш йўлидаги бюрократик тўсиқлар ва коррупциоген ҳолатларни бартараф этишга қаратилган мақсадли чоралар кўрилди, деярли барча соҳада “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2020 йилдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 11 турдаги ваколати тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди. Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 5 турдаги ваколати чиқариб ташланди.
“Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган халқчил тамойил асосида барча поғонадаги мансабдор ва масъулларнинг одамлар ичига кириб бориш, уларнинг муаммоларини уйма-уй юриб ҳал этиш тизимининг жорий этилгани коррупцияга қарши курашишда ўзининг самарасини бера бошлади.
Мана шундай ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Transparency International халқаро коррупцияга қарши ташкилоти томонидан 2019 йил бўйича эълон қилинган “Коррупцияни қабул қилиш индекси” рейтингида Ўзбекистон 5 ўрин юқорига кўтарилди, яъни 180 та давлат орасида 158-ўринни эгаллади.
Амалга оширилган ишлар ва қўлга киритилган ютуқларни кўп маротаба такрорлашимиз мумкин, лекин ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кўра, коррупцияга қарши курашиш қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги принциплари асосида амалга оширилади.
Мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари этиб белгиланган. Нидерландия тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу органлар томонидан аниқланган ҳар бир коррупциявий ҳолат, унинг оқибатлари, уларга берилган жазолар мунтазам равишда барча оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали расман эълон қилиниб борилиши мақсадга мувофиқдир. Сабаби, мана шундай йўл билан:
биринчидан, халқнинг коррупцияга қарши курашиш соҳаси бўйича ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга;
иккинчидан, ушбу иллатни келажакда содир қилмоқчи бўлган шахсда олдинда кутаётган оқибатлар ва жазо муқаррарлигини ҳис қилдириш орқали нафсини тийдиришга эришиш мумкин.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши самарали курашишда биргина қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши етарли эмас. Бунинг учун фуқароларимиз ушбу қонун ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушуниши, фуқаролик жамияти ушбу ишда фаол иштирок этиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг кучайтирилиши, барча давлат органларида шаффофликнинг таъминланиши, оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш учун хизматлар имкон борича электрон тизим орқали кўрсатилиши самарали натижа бериши мумкин.

С.Раимбекова
Беруний тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси