Янгиликлар
18
ЎЗ ОИЛАНГНИ БОШҚА ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИ ҲИСОБИГА БОЙИТИШ ЎЗ ХАЛҚИДАН НАФРАТЛАНИШДИР... (ФИНЛАРНИНГ ХАЛҚ МАҚОЛИДАН)
Бугунги кунда коррупция нафақат битта мамлакат даражасида, балки трансмиллий даражада ҳам таҳдиддир. Азалдан коррупция давлатнинг ривожига тўсиқ бўлувчи омиллардан бири сифатида қаралган. Лекин шунга қарамасдан инсонлар ўз манфаати йўлида пора олиш ва беришдан тийилмаётганлиги шунингдек, коррупцияга қарши курашишни дилида эмас тилида амалга ошираётгани ачинарли ҳол албатта.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш чоралари:
Давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупция хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги ишлар Республикамизда изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Биринчидан, Ўзбекистоннинг 2008 йили БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.
Иккинчидан, коррупцияга қарши курашиш борасида норматив-ҳуқуқий база ташкил этилди. Яъни, 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинди. Ушбу қонунда коррупция тушунчаси ҳуқуқий жиҳатдан акс эттирилди. Унга қадар ушбу тушунча ҳар хил талқин қилиниб келинган. Бундан ташқари мазкур қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш белгиланди.
Давлатимиз томонидан бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, жазо чораларининг кучайтирилаётганлиги ва ҳаказоларни бонг уриб айтишимиз мумкин. Аммо инсон онги коррупцияга мойил бўлса буни тузатишнинг ва олдини олишнинг асло чораси йўқ. Зеро муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”.
Коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органларининг балки фуқароларнинг ҳам бурчи десак муболаға бўлмайди. Шу сабабли, коррупцияга қарши курашиш соҳасида илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, ундаги илғор тажрибаларни қонунчиликка жорий этиш орқали ушбу иллатга қарши курашишда самара беришига ишонамиз. Қуйида баъзи давлатларнинг ушбу соҳадаги тажрибалари баён этилган.
Коррупцияга қарши курашишда жаҳон тажрибаси:
Япония. Ушбу давлат қонун чиқарувчиси сиёсатчилар ва ходимларнинг ахлоқий хатти-ҳаракатларига катта эътибор беради. Япониянинг илғор тажрибаларидан бири, “Давлат хизматчиларининг ахлоқи тўғрисида”ги қонуни мавжудлигидадир. Ушбу қонун Япония давлати хизматчиларининг этика қоидалари мужассамлаштирилиб, уни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги белгиланган. Ўзбекистонда ҳар йили “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади, лекин иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа омиллар сабабли унинг қабул қилиниши қийин бўлмоқда. Фикримизча, давлат хизматчиси мақоми ва доирасини мустаҳкамламай туриб, унинг этика қоидаларини белгилаб бўлмайди.
Бундан ташқари, Японияда шахсларнинг мурожаатлари “OPEN” тамойили асосида кўриб чиқилиши йўга қўйилган. Яъни бу биздаги “Ягона дарча” тамойилига ўхшаш.
Японияда коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- сиёсий иқтисодий чоралар кўриш;
- давлат хизматини ислоҳ қилиш (муносиб иш ҳақи, рағбатлантириш тизими, меритократия принципи);
- фуқаролик эркинликларини таъминлаш (ижтимоий-ҳуқуқий назорат ва фуқаролик жамияти томонидан сиёсатчиларга маънавий таъсир кўрсатиш тизими.
Сингапур. Ушбу мамлакат ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро майдонда яхши рейингга эга ҳисобланади. Сингапур давлатининг ушбу иллатга қарши курашиш тажрибаларига мисол қилиб, унда доимий ихтисослашган коррупцияга қарши курашиш органи яъни Коррупция бўйича тергов бюроси ташкил этилганлигини келтириш мумкин. Мазкур бюро мустақил орган ҳисобланади, коррупция ҳолатларини тергов қилади ва унинг олдини олишни иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторларида амалга оширади. Бюро мансабдор шахслар орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларини текширади ва тегишли интизомий чоралар кўриш учун органларга хабар беради. Шунингдек, Сингапурнинг Коррупцияни олдини олиш тўғрисидаги қонунида коррупция деб ҳисобланувчи турли хил “мукофот” таснифи аниқ белгиланган. Ўзбекистонда айнан шундай қилиб пора деб ҳисобланувчи мукофотлар турлари аниқ белгиланмаган. Сингапурнинг коррупцияга қарши сиёсатининг асосий ғояси одамни коррупцион ҳаракатларга ундаш учун туртки берадиган имкониятларни камайтириш ёки йўқ қилишдир. Бунга коррупцияга қарши қатор тамойилларга риоя этиш орқали эришилади, хусусан:
- давлат хизматчиларига ўртача иш ҳақи миқдорига боғлайдиган формула бўйича иш ҳақи тўланиши;
- давлат хизматчиларининг мол-мулки, активлари ва қарзлари тўҳрисида йиллик назорат қилинадиган ҳисобот тайёрланиши;
- иқтисодий ривожланиш учун кераксиз маъмурий тўсиқларни бартараф этиш.
Финландия. Дунёга антикоррупцион давлат сифатида донғи кетган мамлакатлардан бири. Энг қизиқарлиси у ерда коррупцияга қарши курашишга оид на қонун мавжуд ва на бир масъул орган. Хўш шундай бўлса ҳам ниманинг евазига Финландия бундай натижага эришди дерсиз? Албатта, ушбу давлатнинг фуқаролари, энг биринчи навбатда давлат ҳокимияти органлари ходимлари пора олиш ва беришдан ўзини тийишга эришган. Қандай дейсизми? Бу жуда оддий, Финлар порадан хазар қилишади, болаларига ёшлигидан пора олиш ва бериш энг оғир қилмиш эканлигини уқтиришади. Сарлавҳадаги мақолдан ҳам буни англашимиз мумкин. Ўзбекистонда эса баъзилар порани оиладан яъни тўғрироғи туғруқхонадан бошлашади. Аёлимга, фарзандимга яхши қарасин деб докторларга пуллар, совғалар улашади. Тўғри, фарзанд кўриш ҳар бир инсоннинг энг бахтли кунларидан бири. Лекин вазиятга ҳуқуқий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, докторларга нафақат айнан сизнинг аёлингиз ва фарзандингизга балки бутун туғруқхонадаги аёллар соғлиги ва саломатлигига қараганлиги учун ойлик маоши тўланади. Демак бу ерда ориқча харажатга ҳам овворагарчиликка ҳам ўрин йўқ.
Финландияда пора бериш ва олиш жиноий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланади ва ҳар доим маъмурий кўрсатмалар, Конституция, Давлат хизмати тўғрисидаги қонун, Жиноят кодекси доирасига киради.
Финлар ўз фарзандларини “тартибга солиш” улар учун ёмон эканига ишонади. Агар фарзандлари ҳамма нарсага ўзи эриша олмаса, улар ўзларини ёмон хис қилар, фақат аҳмоқларгина фарзанди учун келажакда муаммолар туғдириши мумкин деб ўйлайди.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга фақат қонунлар чиқариш, таъқиқлар ўрнатиш орқали эмас, балки унга риоя этиш орқали эришилади. Бунга эса ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онгини шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали эришиш мумкин. Давлат органлари ўз вазифасига виждонан қараши ҳам муҳим омиллардан биридир.
Беруний тумани адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Розимова Лобар