Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Оила – жамиятнинг асосий бўғини


Ҳар бир инсон оилада туғилиб, илк таассуротларини, тарбияни ундан олади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, ундаги туғилаётган, тарбияланаётган фарзандларимизнинг эртанги кунга ишончи ортади. Болаларимиз эса келажагимиз пойдеворидир. Нима учун бу сўзларни келтираяпман. Сабаби инсоннинг яшашидан мақсади ҳам ўз ортидан авлод қолдиришдан иборат. Ўша авлодимиз қанчалик билимли, тарбияли, меҳнаткаш бўлса, ўз мақсадимизнинг ушалганини кўрамиз. Буларнинг барчаси оилада шаклланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга, деб белгиланган. Қаранг, давлатимизнинг асосий қонунида ҳам оиланинг жамиятнинг асосий бўғини эканлиги алоҳида норма қилиб белгиланган, оиланинг жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши эса, албатта қонунлар билан кафолатланади.
Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Оила эркак ва аёлнинг ихтиёрий никоҳи асосида қурилади ва ундаги муносабатлар эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, оиланинг ҳар бир аъзоси ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилса, албатта мустаҳкам оила даражасига эришишига ишонамиз.

С.Раимбекова
Беруний тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси