Янгиликлар
11
Коронавирус пандемияси даврида солиқлардаги имтиёзлар
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрель кунги Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 5978 сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар;
- туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, «Uzbekistan Airways» АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, «Uzbekistan Airports» АЖ ва «Ўзаэронавигация маркази» ДУК:
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади;
ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди;
- товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга;
-фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилади.
Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган сўммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди.
Ўз фаолиятини тўхтатган ва товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга:
маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича - уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан;
ижтимоий солиқ бўйича - уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билансолиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди.
Ушбу тартибга,Ўзбекистон Республикаси Президентининг2020 йил 27 апрель кунги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5986 сон фармонига мувофиқ ўзгартириш киритилди. Яъни,соддалаштирилган тартибда солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) муддати 2020 йил 31 декабргача узайтирилди.
Шунингдек,маҳаллий давлат ҳокимияти органларикечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) берилган ва келгусида тўланадиган солиқ суммаларини тўлаш бўйича муддатини мустақил равишда, бироқ икки йилдан оширмасдан белгилаш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Жорий йилнинг охирига қадар спирт, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан вино ва пиво учун акциз солиғи, шунингдек, бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғининг амалдаги ставкалари сақланиб қолинди.
2020 йил 1 октябргача дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларни улгуржи сотишга рухсат берилади.
Йил якунига қадар қарз берувчига фоиз шаклида даромад тўлаш мажбуриятисиз қарз тақдим этилганда солиқ солиш мақсадида қайта молиялаш ставкаси асосида аниқланадиган даромад айланмадан олинадиган солиқ ҳамда фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди ва ўз навбатида солиққа тортилмайди;
карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади;
фойда солиғини аввалги чорак якунлари асосида ҳисоблаш бўйича ўрнатилган талабларни бекор қилган ҳолда, ушбу солиқни тўловчилар 2020 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб, кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича аванс тўловлар суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Солиқ тўловчилар томонидан мазкур ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланганда давлат солиқ хизмати органларига фойда солиғи бўйича аванс тўловлар тўғрисида тақдим этилаётган маълумотномаларга ўзгартиришлар киритиш ваколати берилди.
Коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар 2020 йил 31 декабргача муддатга божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
Президентимиз томонидан қабул қилинган бу Фармон Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолиниижтимоий ҳимоя қилиш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Хўжайли тумани адлия
бўлими бошлиғи Ф.Наранова