Янгиликлар
01
Қуруқ ваъдалар вақтни ортга чўзишдан бошқасига ярамади, лекин ..
Беруний тумани адлия бўлимига фуқаро И.Ю. мурожаат қилиб, хусусий дўкони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиб ташланганлигини, лекин туман ҳокимлиги томонидан бузилган дўкон учун ер майдони ва компенсация ажратилмаганлигини билдириб, компенсация ундиришга ва дўкон ўрнига ер майдони ажратилишига амалий ёрдам беришни сўради.
Мурожаат тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, фуқаро И.Ю.га Беруний туманида жойлашган деҳқон бозори ҳудудида 110,0 кв.метр майдони ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи билан мулк гувоҳномаси берилган, фуқаро И.Ю. ушбу дўконда 2004 йилдан 2018 йилларда тадбиркорлик фаолиятини юритган, 2019 йил 4 март кунги Беруний туман ҳокимининг қарорига асосан фуқаро И.Ю.нинг хусусий дўкони бузиб ташланган, лекин дўкон бузилиши оқибатида И.Ю.га бузилган дўкон учун ер майдони ва ушбу ер майдонида жойлашган кўчмас мулк объектлари учун компенсация ажратилмаган. Баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботига кўра давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилаётган ер майдонида жойлашган фуқаро И.Ю.га тегишли хусусий дўкон биносининг бозор қиймати 122.293.000 (бир юз йигирма икки миллион икки юз тўқсон уч минг) сўмни ташкил қилган. Туман ҳокимлиги масъул ходимлари фуқаро И.Ю.га ер майдони ва компенсация ажратишини беш ой давомида ваъда қилиб келган. Лекин натижа бўлмагач, фуқаро туман адлия бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 41-моддасида, жисмоний шахсларга берилган ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун мазкур шахсларнинг хоҳишига кўра туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарори билан аввалги ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилгач, шу ер участкаси олиб берилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олиб қўйилаётган ер участкасининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатларни қуриб берганидан кейин ҳамда ушбу Кодекснинг 86-моддасига мувофиқ бошқа барча зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкин, деб кўрсатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланиши сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5491 сонли фармойишининг 1-қисми “б” бандида ер участкаларини олиб қўйишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши назарда тутилган.
Шу сабабли Беруний тумани адлия бўлими томонидан фуқаро И.Ю.манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига даъво киритилди. Даъво ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, фуқаро И.Ю.фойдасига 122.293.000 (бир юз йигирма икки миллион икки юз тўқсон уч минг) сўмлик зарар ундириш ва янги дўкон иморати қуриш учун ер майдони ажратиш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилди.
Суднинг ушбу қарорига жавобгар тараф яъни туман ҳокимлиги норози бўлиб, апелляция тартибида шикоят берди. Иш апелляция тартибида ҳам кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирди ва адолат қарор топди.
Хулоса қилиб айтганда, айрим мансабдорлар фуқарога қуруқ ваъдалар бериб, вақтни орқага чўзгани билан қонун устувор давлатда ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари таъминланиши кафолатланади.
С.Раимбекова Беруний тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси