Янгиликлар
01
Ерни хусусийлаштириш мумкинми?
2019 йил 13 августда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун тарихий аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Сабаби мазкур қонун қабул қилингунга қадар Ўзбекистонда ерни хусусийлаштириш мумкин эмас эди.
Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Унга кўра, ер участкасини хусусийлаштириш – оммавий мулк бўлган ер участкасини Ўзбекистон фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар мулкига ўтказишдир.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бирлиги, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.
Қонунда хусусийлаштирилиши мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган ер участкалари белгилаб берилган. Унга кўра, қуйидаги турдаги ер участкалари хусусийлаштирилиши мумкин:
юридик шахсларга тегишли бўлган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари;
бўш турган ер участкалари;
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ер участкалари.
Қуйидаги ер участкалари эса хусусийлаштирилмайди:
тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;
фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;
табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари;
хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарига берилган ер участкалари.
Шунингдек, Қонунда белгиланишича, ер участкаларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар хусусийлаштириши мумкин.
Чет эллик фуқаролар ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар хусусийлаштирилган ер участкаларини олиш ҳуқуқига эга эмас.
Ерни хусусийлаштириш қандай амалга оширилади?
Ер участкасини хусусийлаштириш бўйича ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.
Берилган ариза Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан ариза олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Комиссия ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ ўз ижобий ёки салбий хулосасини тузади.
Комиссиянинг хулосаси ҳокимнинг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ёки хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади.
Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор эса хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади.
Ушбу қонун 2020 йил 1 мартдан бошлаб кучга кирган.
С.Раимбекова
Беруний тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси.