Янгиликлар
28
Оила - муқаддас даргоҳ
Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Барча фуқаролар оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқларга эгадирлар. Никоҳ тузиш чоғида жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи ҳамда бошқа ҳолатларга қараб, ҳуқуқларни муайян тарзда бевосита ёки билвосита чеклашга, бевосита ёки билвосита афзалликлар белгилашга ҳамда оилавий муносабатларга аралашишга йўл қўйилмайди.
Олий қомусимиз ҳисобланган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам алоҳида XIV боб билан муқаддас оила ҳақида бизларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларимиз белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида, Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги ва никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланадиганлиги кўрсатилган.
Шунингдек, ушбу Конституциянинг 64-моддасида, “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”-деб кўрсатилган ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасида ҳам ота-онанинг болаларга таълим-тарбия беришга оид ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.
Яъни, Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.
Шу билан бирга, Оила кодексининг 96-моддасида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт эканлиги кўрсатилган.
Яъни, Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли бўлади.
Бундан ташқари, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ота-оналар томонидан бажармаслик ҳолатлари вужудга келадиган бўлса, унда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47, 474-моддаларида кўрсатилган маъмурий ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида кўрсатилган жиноий жавобгарликка тортилишига сабабчи бўлиши мумкин.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига асос:
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, мазкур кодекснинг 47прим 4-моддасига асос:
Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, — ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.
Агарда ота-оналар томонидан шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асос:
Яъни, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, — икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган.
Албатда, жамиятимизда ҳар бир фуқарони жавобгар қилиш эмас, балки, уларга оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этишни ўргатиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр-хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.
Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилиши даркор. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса эрнинг мавқеига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади, балки эл-юрт, маҳалла-кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди.
Зеро, оила мустаҳкам бўлса, жамият ҳам осойишта бўлади. Оилаларда парокандалик бўлса, жамиятнинг ҳам тинчи йўқолади ва алалоқибат таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтиёр жамият шаклланади. Чунки ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирига меҳрибон бўлади.
Нукус шаҳар адлия бўлими бошлиғи К.С.Реймназаров