Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Дафн этиш маросими учун нафақа кимларга ва қандай ҳолатларда берилади?


Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 288-моддасига асосан суғурта қилинган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этганда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган миқдор ва тартибда дафн этиш маросими учун нафақа тўланади. Уни тўлаш тартиби “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 1136, 14.05.2002 й.)да белгиланган.
Вафот этган шахсни дафн этиш учун уни қариндошларига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга нафақа тўланади. Нафақа Пенсия жамғармаси ёки ишхона томонидан тўланади.
Нафақа миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараварини ташкил этади. Ишламайдиган пенсионер вафот этган тақдирда дафн этиш маросими учун нафақа унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга икки ойлик пенсия миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг икки ҳиссасидан кам бўлмаган миқдорда, ижтимоий таъминот бўлими томонидан тўланади.
Нафақа олиш учун қуйидаги ҳужжатлар топширилиши лозим.
а) пенсия жамғармасига:
ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси. Ўлик бола туғилганда перинатал ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси;
ариза берувчининг паспорти нусхаси.
б) ишхонага:
ариза;
ўлим гувоҳномаси;
марҳумнинг ходим билан қариндошлиги даражасини тасдиқлайдиган ҳужжат (ходимнинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда).
Нафақа ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган куни тўланади. Нафақани олиш учун ўлим қайд этилган кундан бошлаб 6 ой ичида мурожаат қилиш керак. Ушбу муддат ўтгандан кейин нафақа тўланмайди.
Нафақа қуйидаги ҳолларда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади:
давлат пенсияси олувчи пенсионер;
давлат ижтимоий нафақаси олувчи фуқаро;
бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси мобайнида ёки ўлик бола туғилганда (перинатал ўлим);
тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар («Меҳрибонлик», «Саховат», «Мурувват» уйларидаги, жазони ўташ жойларидаги жисмоний шахслар)  вафот этганда.
Ишлаб турган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этганда нафақа у ишлаб турган ташкилот томонидан тўланади. Бунда, нафақа ходим ёки унинг қарамоғида бўлган қуйидаги оила аъзолари вафот этганда берилади:
•    турмуш ўртоғи;
•    18 ёшга тўлмаган ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсиз (ёшидан қатъи назар) болалари, ака-укалари ва опа-сингиллари;
•    ота-онаси;
•    бобоси ёки бувиси.
Яшаш учун мустақил маблағ манбаига эга бўлган оила аъзолари қарамоғида турган деб ҳисобланмайди.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этган тақдирда дафн этиш маросими учун нафақа, агар унга сўнгги иш ҳақи тўланган кундан бир ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса берилади.
Олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида, магистратурада, аспирантурада, клиник ординатурада, докторантурада таҳсил олаётган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари вафот этган тақдирда, дафн этиш маросими учун нафақа умумий асосларда тўланади.
Мактаблар, курсларнинг (кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва тайёрлаш бўйича), шунингдек, малака ошириш институтлари ўқувчилари ва тингловчилари ёки уларнинг оила аъзолари вафот этганда, агар улар курсларга, мактабларга, институтларга корхона томонидан юборилган бўлсалар ва уларнинг ўқиш давридаги иш ҳақи тўла ёки қисман сақланиб қолган бўлса, дафн этиш маросими учун нафақа умумий асосларда берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги
бош маслаҳатчиси Э.Д.Гайипов