Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ва унинг миқдори


Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 285-моддасига асосан вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 февраль кунги “Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар тўлаш чегарасини такомиллаштириш тўғрисида”ги 71-сон қарорига асосан вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:
•    ишлаётган 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига;
•    байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;
•    қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;
•    Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;
•    Чернобил АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;
•    меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга.
Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга умумий иш стажининг давомийлигига боғлиқ равишда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:
•    умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;
•    умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
•    умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.
Ўзбекитон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармонининг 16-бандига асосан коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаш учун асос бўладиган ҳужжат меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳисобланади ва у давлат соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасаларининг даволовчи шифокорлари томонидан берилади.
Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тегишли даволаш-профилактика муассасалари меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-меҳнат экспертизаси бўйича етарли малакали ходимга эга бўлган тақдирда, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари беришга ҳақли. Бунда соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимидаги даволаш-профилактика муассасаси стационар шароитда фаолият юритаётган бўлиши зарур.
Амалдаги қонунчилигимизга кўра, қуйидаги муассасаларнинг шифокорлари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас:
тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати;
шифохоналарнинг қабул бўлимлари;
суд-тиббий экспертиза муассасалари;
пансионат ва санаторий-курортлар, сил касалликлари санаториялари бундан мустасно;
физиотерапия, даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги
бош маслаҳатчиси Э.Д.Гайипов