Янгиликлар
23
АЛИМЕНТ МАЖБУРИЯТЛАРИ ҚАНДАЙ?
Алимент (лотин тилидан олинган бўлиб, қарамоғидаги ва боқимидаги) бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақа ҳисобланади. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш икки усулда алимент ундириш тўғрисидаги келишув ҳамда суд ҳужжати асосида амалга оширилади. Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. (Оила кодекси, 98-модда) Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. (Оила кодекси, 131-модда)
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини 96-моддасига асосан, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Қонунчилигимизда вояга етмаган болалар таъминоти учун ундириладиган алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, бундай ҳуқуқга эга бўлган шахс ўзи яшаб турган жойда жойлашган судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд; алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган; алимент ундириш тўғрисидаги ишлар (оталиги белгиланган ҳолларда) суд буйруғи тартибида кўрилади; алимент ундириш тўғрисидаги ишлар дарҳол ижрога қаратилади.
Даъвогарнинг танлови бўйича ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик судига ариза бериш ҳуқуқи (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддаси) мавжуд бўлиб, бу имтиёз алимент ундирувчини ортиқча сарсон бўлишини олдини олиш мақсадида киритилган.
Алимент ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан ариза билан мурожаат қилинганида, фуқаролик ишлари бўйича судларга давлат божи тўланмайди (Ўзбекистон Республикаси Давлат божи тугрисидаги конунининг 8-моддасига). Албатта, бу ерда боланинг манфаати устун эканлигини кўришимиз мумкин.
Алимент ундириш тўғрисидаги ишларни дарҳол ижрога қаратилиши (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддаси), ижро ҳаракатларини тўхтатиш мумкин эмаслигини англатиб, албатта, бола манфаатларини инобатга олиб яратилган қонун нормаси ҳисобланади.
Алиментни вақтида тўламаса, жазога тортиладими? Албатта, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 47-4-моддасига кўра, алимент тўлашдан бўйин товлаш, суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шундай қилмиш маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг яна содир этилса, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексини 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.
Ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини ҳис қилган ҳолда, оилада соғлом муҳит яратишга маъсул эканлигини унутмаслиги лозим.
Нукус шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Б.Нажимов