Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Оқ либосли халоскорлар


Коронавирус, “COVID-19” пандемияси. Ушбу сўзларни бир неча ой бўлдики, барча ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида эшитиб, кўраяпмиз. Инсоният тарихда кўп вирусларга дуч келган. Лекин бу ғаройиб тожсимон вирус инсон ҳаёти учун бошқа вируслардан хавфлироқ бўлиб, у тез орада бутун дунёни эгаллаб олди.
Пандемия (юнонча – ёппасига, халқаро) - бу эпидемик касалликнинг бир мамлакат, бир неча мамлакат, қитъа ёки континентда ёппасига тарқалиши. Бу вирус қисқа вақт ичида дунёнинг 170 дан ортиқ давлатларига тарқалди, “Koronavirus Info” телеграм канали маълумотига кўра дунёда 2 ярим миллиондан ортиқ одамлар ушбу вирус билан касалланган. Шунинг учун коронавируснинг пандемия деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас, албатта.
Тожсимон вирус 15 март кунидан шу кунга қадар юртимиздаги 1716 нафар одамларни ўзи билан заҳарлади. Лекин давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳамда фидойи тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг самарали меҳнатлари эвазига касалликка чалинган беморларимиз тузала бошлади.
Мана шундай оғир кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда, карантинда сақланаётган фуқароларни тиббий кузатувга олишда, беморларнинг соғайишида бор маҳоратини ишга солиб, фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида.
Жорий йилнинг 26 март куни давлатимиз раҳбари томонидан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор қабул қилинди.
Унга кўра, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови яъни врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм, бошқа ходимларга — 5 миллион сўм тўланиш белгиланди.
Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан, жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилди.
Мазкур қарорда коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўм, коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда эса уларга 200 миллион сўм бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар тасдиқланди.
Вируснинг жуда хавфли бўлишига қарамасдан, оиласи, яқинлари, халқимиз учун ишда қолиб, коронавирус инфекциясига беморларни шифо улашишга интилаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эътирофга лойиқ. Улар бугунги куннинг жасорат кўрсатаётган қаҳрамонлари, оқ либосдаги халоскорларидир.

Беруний тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси
С.Раимбекова