Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

“Ўзини яккалаш” бу нима?


Бугунги кунда дунёнинг кўпчилик давлатларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида шошилинч ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Аксарият давлатлар уйдан бесабаб чиққан кишиларга ҳар турдаги жазо чораларини қўллаяпти. Масалан, Ҳиндистонда  ушбу тартибга бўйсунмаётганларни полиция куч билан бўлса ҳам уйига ҳайдаб киритмоқда. Бу ҳол одамни ҳайратлантиради, аммо вазият жиддий. Бутун дунё “Уйда қолинг!” демоқда, уйда ўтириш осонмас албатта, лекин ўзимиз ва яқинларимизни асраш мақсадида ушбу қўлдан келадиган қоидага риоя қилиш ўта муҳимдир.
Ўзбекистон ҳудудида ҳам Махсус комиссия томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилди.
Хўш, “ўзини яккалаш” дегани нима?
“Ўзини яккалаш” бир томондан кўча-кўйга чиқмаслик, уйда қолиш, тўғрироғи сабабсиз кўчага чиқмасликни, иккинчи томондан зарурат юзасидан (озиқ-овқат, дори-дармон олиш учун) кўчага чиққанда бир жойда тўпланмасдан, бошқа одамлар билан масофа сақлаган ҳолда тегишли манзилга бориб келишни назарда тутади.
“Ўзини яккалаш” – бу карантинга оид чора-тадбирларнинг бир қисми, яъни “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи муайян маънода карантин бўлиб, унинг доирасида амалга оширилади.  
Ўзбекистон Республикаси “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунига кўра, “Карантин” – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.
Карантин пайтида беморлар тиббий ёки махсус муассасаларда тиббиёт ходимлари кузатуви остида бўлсалар, соғлом кишилар ўзини яккалашлари лозим. Масалан, улар кўчага чиқмаслиги, бунга зарурат туғилганда ижтимоий масофа сақлаши, ниқоб тақиб юриши, уйда ёки ишда бўлса, бошқа шахслар (ҳамкасблар, бирга яшайдиган оила аъзолари) билан алоқани чеклаши, яъни ижтимоий масофани сақлаши ва ҳоказоларга риоя қилиши лозим. Ҳар иккала ҳолатда ҳам белгиланган тартиблар мавжуд, уларга бўйсунмаслик қонун доирасида жавобгарликни келтириб чиқаради.
“Ўзини яккалаш” бўйича ўрнатилган карантин чекловларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади ва бунинг учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (4.460.000 сўмдан 6.690.000 сўмгача), мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача (6.690.000 сўмдан 11.150.000 сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Карантин шароитида жорий этилган чекловлар вируснинг чет давлатлардан мамлакатимизга янгидан кириб келишига тўсқинлик қилди. Кейинги масаламиз инфекция билан давлатимизнинг ички ҳудудида курашиш эди. Бу борада ҳам карантин қоидалари жорий этилиб, назорат кучайтирилди, лекин айрим фуқароларимиз ҳалиям вазият жиддийлигини тўлиқ ҳис қилмаяпти яъни қоидабузилишлар давом этмоқда. Ҳеч бир кимса бу вирусга чалинишни хоҳламайди. У қисқа вақтда ҳар кимга ҳам юқиши мумкин. Шуни англай билсак, ўзимизни одамлар орасига урмаймиз, масофа сақлаймиз.
Юқоридагилардан ўзимизга хулоса чиқариб, ҳаёт тарзимизни маълум муддатга ўзгартириб турайлик – ўзимизни яккалайлик. Ўзимизни яккалаб бошқаларнинг соғлиғини асрашга ҳисса қўшайлик.

Беруний тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси С.Раимбекова