Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Хориж давлатларда карантин қоидаларига риоя қилмаганлиги учун қандай жавобгарликлар белгиланган


Хозирги даврда коронавирус пандемияси энг глобал дунёвий муаммога айланди. Унга қарши туриш ҳамда фуқаролар манфаатларини, биринчи навбатда, уларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида қаердадир карантин, қаердадир фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Бундай шароитда фуқароларнинг саломатлигини сақлаш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб қолади. Афсуски айрим фуқаролар томонидан уларнинг саломатлигини ўйлаб чекловлар жорий қилинган бўлсада, ушбу қоидаларга амал қилмаслик ҳолатлари учраб турибди.
Карантин қоидаларига амал қилмаслик учун жавобгарликни ҳар бир давлат ўзининг қонунчилик доирасидан келиб чиққан тарзда белгилайди.
Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳукуматлар карантин режимини бузганлик учун жиддий жавобгарлик чораларини кўрмоқда. Масалан, вирус пайдо бўлган Хитойда ўзини яккалаш режимини бузганлик учун катта миқдордаги жарималар, қамоқ жазоси, ўта оғир ҳолатларда эса ҳатто ўлим жазоси ҳам тайинланди.
Мазкур вазиятни АҚШ мисолида кўрадиган бўлсак 11 апрелдан бошлаб катта фалокат режими жорий этилди. Қатор штатларда март ойининг охирларидаёқ ўта зарурий ҳолатларсиз уйни тарк этиш тақиқланди. Масалан, Висконсин штатида бирор бир шахс ўзининг касалланганини билатуриб карантин талабларига бўйсунишдан бош тортса, у 500 доллар жаримага тортилиши ёки 30 кунгача қамоққа олиниши мумкинлиги белгиланган.
Хозирда Европа мамлакатларида вирусдан жуда жиддий зарар кўрди. Испания, Италия, Германия ва Франциянинг ўзида ярим миллиондан ортиқ одам вирус юқтирган. Шунга яраша хозир вақт хориж давларида карантин чоралари ҳам жиддий. Масалан, Испанияда дўкон ва дорихонада харидни амалга ошириш заруратидан ташқари, бошқа ҳар қандай ҳолатда кўчага чиқиш тақиқланган. Барселонада эса кўчага чиқишни хоҳлаган шахснинг ёнида йўл қоғози бўлиши шарт (йўл қоғози – ҳукумат томонидан уйдан чиқишга рухсат берилган ҳужжат). Карантин қоидаларини бузган шахс катта миқдорда жарима ва икки йилгача қамоқ жазосига тортилади. Масалан, Санта-Крус-де-Тенерифе (Канар ороллари) судида қоидабузардан бири тўрт ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Осиё мамлакатларида ҳам қатъий чоралар назарда тутилган бўлиб масалан, Жанубий Корея шифохонага ётқизиш ва бошқа карантин чораларини бузганлик учун 10 миллион вонгача (қарийб 8,2 минг доллар) жарима солиш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган. Сабаб февраль ойида Жанубий Корея коронавирусга қарши курашиш учун қонунларга тузатишлар киритишга мажбур бўлган, аввал карантинни бузгани учун беморларга 2,4 минг доллар миқдорида жарима солинган, аммо қонунларга киритилган ўзгартиришлар кучга киргач, санкциялар кучайтирилди. Эндиликта қонунбузар фуқароларни бир йилгача қамоқхонага юбориш мумкин бўлиши, шунингдек, улар қамоқ жазосидан ташқари 8,2 минг долларгача жаримани ҳам қўшиб тўлашга мажбур бўлди.
Россия Федерациясида карантин режимини бузганлик учун жарима 4 минг рубль, такрорий жавобгарликка тортилиш асоси билан – 5 минг рублни ташкил этади. Москвада ижтимоий мулоқот масофасини (камида 1,5 метр оралиғида) сақламаганлик учун фуқаролар жаримага тортилади.
Карантинга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида ҳам жуда кескин жавобгарлик чоралари кўзда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан
2020 йил 26 март куни “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Қонун имзоланди.
Мазкур Қонунга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш:
• БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима;
• 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
• 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Коронавируснинг Ўзбекистонга тарқалиши  муносабати билан карантин қоидаларига бузганлик учун қуйидаги жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.
1) Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11 млн 150 минг сўмдан 22 млн 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд
3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2) Ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик кўрсатиб ўтилган бўлиб, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки
3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
3) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси ниқобсиз юрганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қисм билан тўлдирилди.
Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 115 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган қатъий чоралар тўла асосли бўлиб, бу чоралар мамлакатимиз аҳолисининг соғлигини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қорақалпоғистон Республикаси
Адлия вазири ўринбосари
Турсунов Элмурод Эргашович