Янгиликлар
22
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ
Савол: Мен Республика кўз касалликлари шифохонасида шифокорман ҳозирги вақтда шахсий автомашинамда юрсам бўладими?
Жавоб: Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланди.
Шу билан мазкур қарор билан автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар(стикер) талаб этилмайдиган ҳолатлар Рўйхати тасдиқланган бўлиб, унинг биринчи бандига кўра ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар соғлиқни сақлаш ташкилотларининг, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва шахсий автотранспорт воситалари белгиланган.
Шунингдек, билишингиз керак бўлган яна бир маълумот – сиз автомобилда ҳаракатланишингиз учун меҳнат дафтарчангиз нусхаси иш жойингиз (лавозимнингиз)ни тасдиқловчи ҳужжатларни ўзингиз билан олиб юришингиз талаб этилади.
Савол: Ишга қабул қилишда дастлабки синов қандай мақсадларда тузилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 84-моддасига кўра, Меҳнат шартномаси қуйидаги мақсадда дастлабки синов шарти билан тузилиши мумкин:
ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш;
ходим меҳнат шартномасида шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиши.
Дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.
Ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.
Савол: Ишга қабул қилишда дастлабки синов муддати қанча?
Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 85-моддасига кўра, Дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига киритилмайди.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 86-моддасида, дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилиши ва дастлабки синов даври меҳнат стажига киритилиши белгилаб қўйилган.
Савол: Меҳнат шартномасини бекор қилишни қандай тартибда расмийлаштирилади?
Жавоб: Меҳнат қонунчилигига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.
Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.
Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ушбу Кодекснинг 87, 89, 97, 100, 105, 106-моддалари таърифига ёки меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутувчи бошқа норматив ҳужжатлар таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, Кодекснинг ёхуд бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади.
Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан унинг касаллиги, ногиронлиги, ёшга доир пенсияга чиқиши, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юрти ёхуд таянч докторантурага ёки докторантурага қабул қилиниши ва қонун ҳужжатларига кўра муайян имтиёзлар ва афзалликлар бериладиган бошқа сабаблар туфайли бекор қилинганда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқда шу сабаблар кўрсатилади.
Шунингдек, ушбу кодексининг 108-моддасида, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги белгилаб қўйилган.
Савол: Қандай ишларда вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди?
Жавоб: Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 15 январдаги 88/1, 1-сон қарори билан тасдиқланган Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисида НИЗОМ талабларига мувофиқ қуйидаги ишларда вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди :
-ер ости, сув ости, хавфли баландликда ёки ёпиқ муҳитда бажариш;
- хавфли механизмлар, асбоб ва ускуналар билан боғлиқ бўлган;
- хавфли буюмлар ёки жараёнлар, ҳарорат, шовқин ёки тўлқинланиш даражасининг юқори таъсирида вояга етмаганларнинг соғлиғига зарар етказишга олиб келадиган зарарли шароитлардаги;
-оғир меҳнат шароитларида бажариладиган (иш вақтининг давомийлиги узоқ бўлган, тунги ишлар ва бошқалар билан боғлиқ бўлган);
- ўзининг хусусияти билан бундай тоифадаги ходимларнинг ахлоқ-одобига зарар етказадиган;
- белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтариши ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишларда.
18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ ишлар рўйхати ва 18 ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормалари чегараси Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан белгиланади.
Нукус шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси З.Базарбаева