Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлигига 27 йил тўлди...


Бундан 27 йил олдин халқимиз тарихида жуда катта воқеа юз берган эди. 1993 йил 9 апрель куни XII чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг XII сессияси давлатимизнинг асосий қонуни бўлган Конституцияни қабул қилди. 9 апрель – умумхалқ байрам деб эълон қилинди. Бу байрамни халқимиз давлатимиздаги адолатни, қонун устуворлигини ҳис қилган ҳолда эркин демократик фуқаролик жамият, ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги ишончли қадам ташлаган кун сифатида ҳар йили тантанали равишда белгилаб келмоқда.
Асосий қонунимиз – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 121 моддадан иборат бўлиб, унинг барча моддаларида дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, хал¬қаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор хал¬қаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни мужассамдир.
Конституциянинг муқаддима қисмида Қорақалпоғистон Республикаси конституциясини қабул қилиш мақсади кўрсатилган.
Биринчи бўлимда асосий принциплар белгиланган, яъни давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устунлиги, Қорақалпоғистан Республикасининг халқаро ва ташқи иқтисодий алоқаларига бағишланган.
Конституциянинг 11-моддасида Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши кўрсатиб ўтилди.
Иккинчи бўлимда инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари белгиланган.
Ушбу бўлим умумий қоидалар, фуқаролик, шахсий ҳуқуқлар ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари ва фуқароларнинг бурчларини ўз ичига олади.
Асосий қонунимиз инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига ҳам катта эътибор қаратган бўлиб, айниқса меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқларни алоҳида конституциявий даражада эътироф этган.
Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлат тараққиётининг энг муҳим шартларидан бири – бу таълим сифати ҳисобланади. Шу боис ҳам Асосий қонунимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилди.
Учинчи бўлим жамият ва шахс деб номланиб, у жамиятнинг иқтисодий асослари, жамоат бирлашмалари, оила ва оммавий ахборот воситаларига бағишланган.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиётининг асосини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда хусусий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлашга оид қонунлар қабул қилиниб, мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган.
Конституциянинг 14-боби оилага бағишланган бўлиб, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаши, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбурияти белгиланган.
Тўртинчи бўлим Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши деб номланади.
Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси - туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллардан иборат, туманлар, шаҳарлар ташкил қилиши ва уларни тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини ўзгартириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан амалга оширилади.
Бешинчи бўлимда давлат ҳокимиятини ташкил қилиш белгиланган. Ушбу бўлим Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси ваколатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми ва унинг ваколатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимиятининг асослари, Қорақалпоғистон Республикасининг суд ҳокимияти ва сайлов тизими, конституциявий назорат, прокуратура, молия ва бюджет деб номланган бобларини ўз ичига олади.
Олтинчи бўлим конституциямизга ўзгартириш киритиш тартибини белгилайди.
Конституцияга ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси жами депутатларининг камида учдан икки қисмидан кўпчилигининг овози орқали қабул қилинган қонуни ёки Қорақалпоғистон Республикаси референдуми билан киритилади.
Конституцияга киритилган охирги ўзгартиришларга тўхталиб ўтадиган бўлсам, 2019 йил 29 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг XXVI сессиясида қабул қилинган қонунга кўра, Конституциянинг 70, 73, 75, 81, 85, 99, 101, 102, 103, 104, 105-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, мазкур қонуннинг 1-модда 13-бандида “105-120-моддалари тегишинча 106-121-моддалари бўлиб ҳисоблансин” дейилган, яъни олдин 120 моддадан иборат бўлган Конституциямизнинг мазкур қонун кучга кирган кундан эътиборан 121 моддадан иборатлиги белгиланган.
Мазкур ўзгартириш асосан давлатимизда амалга оширилаётган суд ҳуқуқи ислоҳотлари билан боғлиқ бўлиб, 105-моддаси Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ҳақидаги қоидалар билан тўлиқтирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистан Республикаси Конституциясида белгиланган норма ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда энг муҳим ҳужжат бўлиб ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлигига 27 йил тўлиши муносабати билан Ватанимизнинг барча аҳолисини бугунги байрам билан табриклай ўтириб, уларга сиҳат-саломатлик, бирдамлик тилайман.
Бутун дунё халқи бошидан кечираётган бугунги давр талабидан келиб чиқиб, халқимизни қонунга итоаткор бўлиши, санитария эпидемия қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламан.

Беруний тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси С.Раимбекова.