Янгиликлар
01
КАРАНТИН ДАВРИДА АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИДАН МАХСУС РУХСАТНОМАСИЗ ФОЙДАЛАНИШ ТАҚИҚЛАНАДИ
Хабарингиз бор, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадида қатор чеклов чоралари жорий этилган.
Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланди.
Автотранспорт қатновини чеклаш бу бугунги шароитда республикада коронавирусни тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган жуда кескин чора, бундай чорани бугунги кундаги шароит тақозо этмоқда.
Албатта ноқулайлик туғдиради, лекин бу энг мақбул ва самарали йўлдир. Шунинг учун барчамиз янги талабларга мослашишимиз зарур, ишлаб чиқарувчилар ҳам, тадбиркорлар ҳам.
Шахсий ҳаёт, ҳуқуқлар ва жамият, миллат манфаатларини тарозига солинадиган бўлса ҳам бу яққол кўзга ташланади. Ушбу шароитда жамият манфаатлари ва келажаги ҳар доим биринчи ўринда туради.
Мақсад автотранспортларни чеклаш эмас, мақсад аҳолини уйда қолишини таъминлаш. Агар ҳар хил йўллар билан, ўйлаб топилган сабаблар билан яна кўчага интилса, унда бу карантин самараси жуда паст бўлади.
Карантин даврида махсус рухсатнома олиш талаб қилинган автомашинада махсус рухсатномасиз кўчада ҳаракатланиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади.
Ушбу қоидаларга риоя этмаслик, бу ўз навбатида жавобгарлик масаласини келитириб чиқариши мумкин.
Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравариданўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси
Адлия вазири ўринбосари
Турсунов Элмурад Эргашович