Янгиликлар
25
2020 ЙИЛ УЧУН ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАЛАРИ ЯКУНЛАНДИ
2020 ЙИЛ УЧУН ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАЛАРИ ЯКУНЛАНДИ
Маълумки, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди.
Лойиҳа “Тараққиёт стратегияси” марказининг 2020.strategy.uz ва Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали www.regulation.gov.uz сайтларига жойлаштирилди ва жорий йил
11 февралдан 20 февралга қадар умумхалқ муҳокамаси ўтказилди.
Ушбу жараёнда юқоридаги электрон ресурсларга Давлат дастури лойиҳаси юзасидан жами 3 162 та таклиф келиб тушган. Хусусан:
Давлат дастури лойиҳасининг умумий мазмуни бўйича – 363 та;
давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича – 765 та;
қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналиши бўйича – 586 та;
иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этиш йўналиши бўйича – 542 та;
ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича – 815 та;
хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш йўналиши бўйича – 91 та таклиф-мулоҳазалар билдирилган.
Муҳокамалар нафақат онлайн тарзда, балки мутахассислар, экспертлар, давлат ва нодавлат, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, жамоалар ва фаоллар иштирокида турли форматларда ҳам ўтказиб борилган.
Муҳокамалардан кенг омманинг хабардорлигини ошириш, бу борада сифат ва самарадорликни таъминлаш мақсадида босма ва электрон ОАВ ҳам бу жараёнга кенг жалб этилди.
Жумладан, республика телерадиоканалларида Давлат дастури лойиҳаси бўйича жами 131 таматериал эфирга узатилган бўлса, уларнинг 35 таси республика ҳамда ҳудудий телеканаллар, 96 тасирадиоканаллар ҳиссасига тўғри келган.
Теле ва радио каналлар орқали тўғридан-тўғри эфирларда бевосита мулоқотлар ташкил этилиб, уларда фуқаролар томонидан билдирилган таклиф-тавсиялар экспертлар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб. Асосли, деб топилган таклифлар инобатга олинган.
Шунингдек, Интернет ОАВ, газета-журналлар ва ижтимоий тармоқлар орқали Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган жами 1 139 та материал эълон қилинган.
Ўз навбатида, “uz” миллий домени ҳамда хорижий доменларда жойлашган 67 та веб-сайтда мавзу юзасидан умумий ҳисобда 151 таматериал жойлаштирилгани кузатилган. Ушбу материалларга ахборот фойдаланувчилари томонидан жами 694 та изоҳ қолдирилган бўлиб, уларнинг 616 тасида Давлат дастури лойиҳаси қўллаб-қувватланган, 78 тасида эса маъқулланмаган.
Facebook ижтимоий тармоғида юқоридаги Давлат дастури лойиҳасининг ёритилиши бўйича умумий ҳисобда 400 та пост (материал) жойлаштирилган бўлиб, уларга 4 506 та изоҳ қолдирилган.
Telegram мобиль мессенжерининг ўзбек аудиторияси учун йўналтирилган каналларида мавзу бўйича жами 452 та пост (материал) эълон қилинган ва улар 7 404 378 маротаба кўрилган.
Жамоатчилик муҳокамасида фуқаролар ва мутахассислар томонидан билдирилган таклифларнинг аксарияти лойиҳада белгиланган тадбирларни қўллаб-қувватлашга ва ривожлантиришга қаратилган.
Умумхалқ муҳокамаси кенг жамоатчилик томонидан қизиқиш билан қарши олинганини ва фаол муносабат билдирилганини, аксарият фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланганини қайд этилган.
Кегейли туман адлия бўлими бошлиғи С.Асанов