Янгиликлар
24
Аёл-қизларнинг гендер тенглиги.
2019 йилнинг 2 сентяб¬рида қабул қилинган Ўзбекис¬тон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуни мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Ушбу қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда «гендер» тушунчасига таъриф берилган.
Унга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати ҳисобланади.
Ушбу ҳужжатда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳада давлат бошқаруви механизмлари белгиланди.
Хусусан, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Респуб¬ликасида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди.
Комиссиянинг асосий вазифалари хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу соҳада давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, ушбу соҳада қилинган ишлар бўйича ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ахборот тақдим этиш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш ва бу борада халқаро стандартларга риоя этиш соҳасида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорликни амалга оширишдан иборат.
Қонуний ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик айрим ижтимоий муносабатларга татбиқ этилмайди.
Мазкур қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, қуйидагилар жинс бўйича камситиш ҳисобланмайди:
бола туғиш ва она сути билан озиқлантириш вазифалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда фарқларни белгилаш;
қонунда белгиланган тартибда муддатли ҳарбий хизматга чақириш;
гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўриш;
хотин-қизлар ва эркакларнинг меҳнатини муҳофаза қилишда репродуктив саломатлигини сақлаш хусусиятлари;
касбий малакага доир тавсиялар бериш;
қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартларини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини тартибга солишда фарқларни белгилаш.
Қонуннинг 13-моддасида давлат органларининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари ҳамда 15-моддасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги иштироклари белгиланди.
Агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмаслиги, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланиши ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилди.
Элликқалъа тумани адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Ш.Исмаилов