Bog'lanish

Telefon
(+998 55) 101-10-08

Elektron manzil
qoraqalpoq@adliya.uz

Habar yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Бола ҳуқуқлари қонун ҳимоясида


Мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64 ва 65-моддалари бола ҳуқуқларига бағишланган бўлиб, хусусан уларда “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради. Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”, - деб таъкидланган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги ПҚ-4296-сонли “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ:
-ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар «Меҳрибонлик» уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади;
-болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади;
-болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди;
-ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли;
болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.
Бола ҳуқуқларига оид қонунчилик доимий равишда такомиллаштирилиб борилмоқда. Сўнги йилларда бола ҳуқуқларига оид бир қатор янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди, мавжуд норматив ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Болаларнинг соғлом камол топиши учун ёш болали аёлларнинг ҳуқуқлари таъминлаб берилади. Ҳомиладор аёлларни енгилроқ ишга кўчириш орқали эса аёлнинг ва кутилаётган гўдакнинг саломати таъминланади: Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга, иш вақтидан ташқари ҳамда дам олиш кунлари ишлатишга ва хизмат сафарларига юборишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, онасиз қолган болаларни тарбияловчи шахсларга имтиёзлар ва кафолатлар берилиши уларнинг соғлом бўлиб ўсиши, тарбияланиши ва яхши шароитда яшашининг кафолатидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки миллий қонунчилигимизда мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ бола ҳуқуқлари масаласи ўз аксини топиб келаётгани, охирги йилларда қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг бола ҳуқуқлари борасида халқаро стандартларни тан олишга тайёр эканлигининг ва уларга тўла амал қилиш йўлида бораётганлигининг ёрқин исботидир.

Амударё тумани адлия бўлими
бош маслаҳатчиси                         
Ж.Бекимбетов