Янгиликлар
19
“Сайлов 2019” ёшлар нигоҳида
“Сайлов 2019” ёшлар нигоҳида...
Сайлаш ва сайланиш – бу ҳар бир шахснинг конституциявий ҳуқуқидир. Ушбу ҳуқуқнинг норматив-ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланган. Хусусан, асосий қонунимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади” деб белгиланган. Мазкур норма мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётида фуқароларнинг ўрни алоҳида эканлигини билдиради. Зотан ҳар бир фуқаро ўзининг сиёсий фаоллигини кўрсата олсагина давлат ҳокимияти вакиллиги органларига муносиб номзодларини сайлаш имконияти мавжуд бўлади.
Бизга маълумки, 2019 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий халқ депутатлари кенгашларига сайловлар бўлиб ўтиши белгиланган. Ушбу сайловларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартибини 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Сайлов кодекси билан тартибга солинаётганлигида дейишимиз мумкин. Сабаби, авваллари сайловлар алоҳида-алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган ва бу эса кўпгина тушунмовчиликлар ҳамда қонун нормаларнинг такрорланишини келтириб чиқарган. Эндиликда эса Ўзбекистон Республикасида сайлов қонунчилиги билан танишиш истаги бўлган ҳар бир шахсга тизимлаштирилган ва ихчамлаштирилган Сайлов кодексини ўқиш етарлидир.
Бундан ташқари, ҳозирда сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори асосида олиб борилмоқда. Бунга сабаб, сайлов қонунчилигига киритилган асосий ўзгартириш ва қўшимчалар ҳисобланади. Мисол тариқасида, Конституциянинг 117-моддасининг олдинги таҳририда: суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмаслиги ва сайловда қатнашмаслиги белгиланган эди.
Эндиликда эса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги ва бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди. Демак бундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, энди муомалага лаёқатли, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан жазога тортилган шахслар ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди. Бу эса мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлигидан дарак беради ва уларнинг жамиятдан ажралиб қолишининг олдини олишга кўмаклашади.
Ёш ҳуқуқшунос кадр сифатида айтишим мумкинки, бу йилги сайловлар юқорида таъкидлаб ўтилганларга ва бошқа жиҳатларига кўра очиқ ва ошкора ташкил қилинмоқда. Мисол учун, сиёсий партияларнинг ОАВларда сайловолди дастурларини эълон қилишлари шунингдек, демократик дебатларда чиқишлари орқали инсонлар сиёсий партиялар тўғрисида ўзларига тегишли маълумотларни олиб, қайси номзодга овоз беришлари ҳақида хулоса чиқаришмоқда. Бундан ташқари, масъул шахслар шу жумладан адлия бўлими ходимлари томонидан ҳам сайловларда ҳар бир фуқаро Конституциявий ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириши ва номзодларни эркин танлаши лозимлиги тушунтирилмоқда. Бу эса ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги ҳақидаги конституцион нормани таъминланишига ёрдам беради.
Беруний тумани адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси Л.Ш.Розимова