Янгиликлар
14
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ АДЛИЯ ҲИМОЯСИДА
Нукус шаҳри, “Анасай” маҳалла фуқаролар йиғини, Б.Алламбергенов кўчаси, 28-уйда яшовчи фуқаро Г.Гайбуллаеванинг Нукус шаҳри, “Анасай” МФЙ томонидан моддий ёрдам брилмаётганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.
Фуқаро Г.Гайбуллаева жорий йилнинг 14 январида Нукус шаҳри, МФЙга моддий ёрдам тайинлашни сўраб йўллаган мурожаати МФЙнинг махсус Комиссияси томонидан жорий йилнинг 24 январда кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги
44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 24-бандига асосан, яъни фуқаро Г.Гайбуллаеванинг уғли А.Гайбуллаев 2-сон Нукус шаҳар тиббиёт колледжининг 2-босқичида шартнома асосида ўқиётганлиги ва ишсизлиги сабабли унга энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараварига тенг бўлган норматив даромад миқдори ҳисобланган.
Ваҳоланкий, Низомнинг 24-бандида агар оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган бўлса ёки энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараваридан кам сумма кўрсатилган бўлса, у ҳолда оиланинг ўртача ойлик жами даромадини ҳисоблаш учун даромадни нормативдан паст кўрсатган ёки даромади мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган оила аъзоларининг ҳар бирига нафақа ёки моддий ёрдамга мурожаат қилинган ойда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараварига тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади.
Ушбу қоида: бола икки ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши билан банд бўлган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга), таълим муассасаларида ўқиётганларга (меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни амалга ошириш ҳоллари бундан мустасно), ишламайдиган пенсионерларга, амалда шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзосига, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларида ишсиз сифатида рўйхатга олинган фуқароларга нисбатан татбиқ этилмайди деб кўрсатилган.
Шунга асосан, Нукус шаҳри, “Анасай” МФЙга фуқаро Г.Гайбуллаевага нафақа тайинлаш масаласина МФЙнинг махсус комиссиясида қайта кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритилди.
Вазирлик томонидан киритилган тақдимномага асосан фуқаро Г.Гайбуллаевага жорий йилнинг март ойидан бошлаб моддий ёрдам нафақаси тайинланиб, фуқаронинг Конституцияда белгиланган ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи тикланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Адлия вазирлигининг Инсон
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими
бош маслаҳатчиси
Е.Утепов